Ру Ўз O`z En

32 нафар фуқаролар насос агрегатлари ёрдамида сувдан ноқонуний фойдаланган

15 Июль 2021 1859

Маълумки, сўнгги йиллардаги қишлоқ хўжалигида энг оғриқли муаммолардан бири экинларни суғориш учун сув етишмаслиги бўлиб турибди. Шундан келиб чиққан ҳолда, вилоятда масъул ташкилотлар томонидан мавжуд сув захираларидан имкон даражасида тежамкорлик билан фойдаланиш ва шу орқали муаммонинг кўламини камайтириш бўйича режа ишлаб чиқилган бўлиб, сув ҳар бир далага белгиланган лимитлар асосида етказиб берилмоқда

Табиийки, бундай вазиятда кимнингдир сувдан ўзбилармонлик билан фойдаланиши, унинг исрофига йўл қўйиши бошқа бир далага сув етиб бормаслигига сабаб бўлиши аниқ.

Аммо бу борада фақат ўзини ўйлаб иш кўраётган, мавжуд сув захираларидан белгиланган тартиб-қоидаларга зид равишда фойдаланаётган ёки унинг исрофига йўл қўяётган фуқароларимиз ҳам кўплаб топилади.

Биргина Чироқчи туманидаги Эски Анҳор каналида орқали ўтказилаётган сувнинг белгиланган экин далаларига етиб бориши ҳолати ўрганилганда, 32 нафар фуқаронинг ҳеч қандай рухсатсиз каналга насос агрегатларини ўрнатиб, шартнома асосида маҳсулот етиштираётган фермер хўжалиги ва бошқа тадбиркорлик субъектлари учун ажратилган сувдан ноқонуний фойдаланиб келаётгани аниқланди.

Ушбу ҳолат бўйича тегишли тартибда далолатнома тузилиб, таъсир чоралари кўрилди.

Бундан ташқари, вилоятда экин далаларини кўллатиб суғориш, сувни шунчаки коллекторларга оқизиб қўйиш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар ҳам жуда кўп қайд этилмоқда.

Мисол учун, "Ўзагроинспекция"нинг вилоят бошқармаси инспекторлари томонидан жорий йилнинг дастлабки ярмида ўтказилган назорат тадбирлари давомида ҳудудда сувдан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ 3 минг 186 та ҳолат қайд этилди. Уларнинг 888 тасига нисбатан маъмурий баённома ва молиявий санкциялар расмийлаштирилган бўлса, 119 та иш тегишли тартибда кўриб чиқилиши учун судларга юборилган. Қолган ҳолатлар бўйича эса огоҳлантириш ва тақдимномалар қўлланилган.

 

Ойбек ТЎРАҚУЛОВ, “Ўзагроинспекция” Қашқадарё вилоят бошқармаси Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бўлими  бош инспектори

 

Text to speech