Маълумки, ҳозирги кунда қишлоқ хўжалигида 20 млн гектардан ортиқ, шу жумладан 3,2 млн гектар суғориладиган экин ер майдонларидан фойдаланиб, аҳолининг эҳтиёжи учун озиқ-овқат маҳсулотлари, иқтисодиёт тармоқлари учун зарур хом ашё етиштирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси “Ер кодекси”га мувофиқ ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосий вазифалари ҳозирги ва келажак авлод манфаатларини кўзлаб ердан илмий асосланган тарзда, оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни, тупроқ унумдорлигини тиклаш ва оширишни, табиий муҳитни асраш ва яхшилашни, хўжалик юритишнинг барча шаклларини тенг ҳуқуқлилик асосида ривожлантириш учун шароит яратишни, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида ер муносабатларини тартибга солишдан, шунингдек бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлашдан иборат.
Ерга оид қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда энг аввало фуқароларга, жамият ва давлатга етказилган зарар ўрнини қоплаш, қонун бузилишини давом этишини олдини олиш чорасини кўрган ҳолда айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласини ҳал этиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Жорий йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида "Ўзагроинспекция" томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида жами 5183 та ҳолатда 27 минг 673 гектар майдонда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
Жумладан, 1369 та ҳолатда жисмоний ва юридик шахслар томонидан 2123 гектар ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, ноқонуний уй-жой ва бошқа қурилишлар қуриб олиш, 3414 та ҳолатда 17561 гектар ерлардан белгилангандан бошқа мақсадларда фойдаланиш ёки уларни яроқсиз ҳолга тушириш, 33 та ҳолатда 368 гектар туман ҳокимликлари томонидан ер бериш тартибини бузиш, 70 та ҳолатда 100 гектар фойдаланилган ерларни ўз вақтида қайтармасдан фойдаланиш, 297 та ҳолатда 7521 гектар хўжалик ичидаги ер тузиш лойиҳаларидан ўзбошимчалик билан четга чиқиш ва давлат ер кадастри маълумотларини бузиб кўрсатиш каби қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
Мазкур аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва чоралар кўриш мақсадида, ноқонуний ҳолатни содир этган шахслар ва ер эгаларига 3056 та ҳолатда огоҳлантириш хати, бартараф этишларини сўраб бажарилиши мажбурий бўлган 66 та ҳолатда кўрсатма, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига 360 та ҳолатда тақдимномалар киритилган.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан 2390 та қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар тегишлилиги бўйича кўриб чиқишлик учун судларга, 263 та ҳолатда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилиши таъминланди.
Соҳадаги қонунчилик ижроси юзасидан қишлоқ хўжалиги ерларини асраб авайлаш, ердан мақсадли ва оқилона фойдаланиш, экин майдонини муомаладан чиқармаслик устидан тизимли назорат ўрнатилган бўлиб, буни олдини олишга қаратилган тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.