Ру Ўз O`z En

514 та ҳолатда сувдан фойдаланишда исрофгарчиликка йўл қўйилиши аниқланди

28 Май 2021 2128

Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 апрелдаги «Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш борасида давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш ишлари учун Навоий вилоятига жами 899 миллион.м3 сув лимити ажратилиб, туманлар кесимида ойма ой тасдиқлаб берилган.

Бироқ «Ўзагроинспекция»нинг вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари томонидан ўтказилган назорат тадбирларида жорий йилнинг 27 май ҳолатига кўра, вилоят бўйича сувдан фойдаланиш соҳасида 514 та камчиликлар аниқланган. Шундан 123 таси Қизилтепа, 115 таси Кармана, 97 таси Навбаҳор, 90 таси Конимех, 79 таси Хатирчи туманларига тўғри келади.

Сув истеъмолчилари томонидан аксарият ҳолларда экин майдонларини кўллатиб суғориш, сувни коллектор-дренажларга оқизиш, рухсат этилмаган жойлардан ва шартнома тузмасдан сув олиш, далаларда сувни ўз ҳолига ташлаб қўйиш каби камчиликларга йўл қўйилгани аниқланди.

Хусусан, Қизилтепа туманида «Камронбек Мохларбегим келажаги» фермер хўжалигининг 8 гектар ғалла майдони 0,10 гектар қисми «Узилишкент» маҳалла фуқаролар йиғини Зироат қишлоғида яшовчи фуқаролар томонидан ўзига тегишли бўлган томорқа ерларини суғориш давомида кўллатиб юборилиб, ортиқча сув исрофгарчилиги кузатилган. Туманнинг Ал-Бухорий ҳудудидаги «Шахноза Севарабону чашмаси» фермер хўжалиги томонидан эса ўзига тегишли балиқхонасига 2021 йил суғориш мавсуми учун шартнома тузилмаган.

Кармана туманининг Зарафшон ҳудудидаги «Намоз бобо» фермер хўжалиги ғалла майдонидан 5-10 л/сек сув фойдаланилмасдан тўғридан-тўғри зовурга ташлаб қўйилган бўлса, Навбаҳор туманидаги «Хўжам ота» фермер хўжалиги томонидан ғалла майдонларини суғориш вақтида 0,10 гектар қисми кўллатиб юборилиб, ортиқча сув исрофгарчилигига йўл қўйилган.

Хатирчи туманидаги «Уйшин даштовил» фермер хўжалиги томонидан ғалла майдонларини суғориш вақтида далани кўллатиб, ортиқча сув исрофгарчилигига йўл қўйилгани, Хатирчи Агроэкспорт» кластерининг ғалла майдонида 15 л/сек сув фойдаланилмасдан тўғридан-тўғри зовурларга ташлаб қўйилганлиги аниқланди.Мазкур ҳолатлар юзасидан фермер хўжалик раҳбарларига нисбатан МЖтКнинг 74-моддаси 2-қисми билан маъмурий иш қўзғатилиб, қонуний баҳо бериш учун туман судига юбориш чоралари кўрилмоқда.

— Аниқланган камчиликлар юзасидан Инспекциянинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан ваколат доирасида ҳуқуқбузарларга нисбатан 46 та (11 миллион 515 минг сўм) маъмурий, 31 та (3 миллион 172 минг.сўм) жарима санкция қўлланилди, — дейди «Ўзагроинспекция» вилоят бошқармаси катта инспектори Улуғбек Кенжаев. — 88 та ҳолат юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқишлик учун судларга киритилди. Ўз навбатида, тегишли корхона, муассаса, ташкилот раҳбарига маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этиш сабаблари ва уларга олиб келган шарт-шароитларни бартараф қилиш юзасидан чоралар кўриш тўғрисида 23 та ёзма кўрсатма ва тақдимномалар киритилди.

 “Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси

 матбуот хизмати

Text to speech