“Ўзагроинспекция”нинг Хоразм вилоят бошқармаси томонидан “Ер кодекси” ва Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5742-сонли фармони ҳамда инспекция Низоми талаблари асосида Урганч туманининг Ж.Мангуберди ҳудудида мониторинг тадбирлари ўтказилди.
Ўтказилган мониторингда Урганч тумани Ж.Мангуберди ҳудудидаги қишлоқ хўжалиги харитасининг 466, 468, 469, 470, 471, 472 контурлардаги жами майдони 30,7 гектар, шундан бонитет балли 61.2 балли 11 гектар суғориладиган экин ери, 16,1 гектар суғориладиган дала томорқа ерлари, 3,5 гектар ариқ ва зовурлар, 0,1 гектар дала йўлларидан иборат ер майдонларида қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадларда фойдаланиш учун ажратиб берилган туман ва вилоят ҳокими қарорлари қонунийлиги ўрганилганида 17 та ҳолатда 13,8 гектар ер майдонлари талон тарож килиниши оқибатида давлатга жуда кўп миқдорда- 8.08 млрд сўм зарар етказилганлиги аниқланди.
Жумладан, 8 та ҳолатда 7,8 гектар суғориладиган экин ер майдонлари маҳаллий ҳокимият томонидан ўзбошимчалик билан ажратиб бериб юборилгани аниқланди.
“Энг ачинарлиси, Қонунга зид равишда суғориладиган экин ер майдонларини қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ерлар сирасига киритиб, ер турини қасддан ўзгартирган ҳолда қарор қабул қилинган” – дейди, “Ўзагроинспекция”нинг Хоразм вилояти бошқармаси қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурслари ва ерлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими бош инспектори Нодирбек Қазақов.
Шу муносабат билан, ўтказилган мониторинг ҳужжатлари терговга қадар текширув ўтказиш ҳамда ЖПКнинг 329-330 моддалари тартибида қонуний қарор қабул қилиш учун прокуратура органларига юборилди. Мазкур ҳужжатлар вилоят прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилиб, Урганч тумани ҳокимлиги, туманнинг архитектура ва ер ресурслари бўлими мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми ва 207-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланди.
Бугунги кунда ноқонуний ажратилган ер майдонларида қурилган бино ва иншоотларни бузиш ҳамда ерни ўз ҳолига қайтариш ишлари олиб борилмоқда.
“Ўзагроинспекция” Хоразм вилояти бошқармаси Ахборот хизмати