Ру Ўз O`z En

Қишлоқ хўжалиги ерларига етказилган зарарлар юзасидан қонунбузарликлар аниқланмоқда

15 Июль 2024 1358

"Ўзагроинспекция"нинг Сирдарё вилоят бошқармаси Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланишни назорат қилиш шўбаси томонидан қишлоқ хўжалиги ерларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши натижасида фойдаланишдан чиқишига сабаб бўлган ҳолатлар устидан доимий тарзда назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

Тадбирлар давомида жорий йилда бир неча бор ер қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди.

Жумладан, Гулистон тумани “А.Темур” массиви қишлоқ хўжалиги харитасининг 11қ-контуридаги 61 балл бонитетли суғариладиган экин ер майдонларида 3 нафар фуқаролар томонидан жами 0,046 гектар ер участкасида ўзбошимчалик билан қурилган қурилишлар аниқланди. Ерларнинг қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқишига сабаб бўлган мазкур ҳолатда етказилган зарар миқдори 24 100 033 (йигирма тўрт миллион бир юз минг ўттиз уч) сўмни ташкил қилди.

Худди шундай ҳолат Боёвут тумани Н.Маҳмудов массиви ҳудудида фаолият юритаётган яна бир фуқаро “Шербўта бобо” фермер хўжалигига қарашли 74 қисм (4049)-контурдаги бонитет балли 49 бўлган 0,02 гектар (200 м2) суғориладиган ер майдонида ўзбошимчалик билан чорва моллари учун молхона биноси қуриб, ушбу ер майдонини қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқишига сабаб бўлган.

У.Юсупов массиви ҳудудидан фуқаро Т. Б. томонидан ҳам 135 қисм-контурдаги бонитет балли 50 бўлган 0,013 гектар суғориладиган ер майдонида ўзбошимчалик билан чорва моллари учун молхона биноси қуриб олганлиги натижасида ушбу ер майдонини қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқишига сабаб бўлган. Мазкур ҳолатда етказилган зарар суммаси 16 943 305 (ўн олти миллион тўққиз юз қирқ уч минг уч юз беш) сўмни ташкил қилди.

Гулистон тумани Боёвут ҳудудида фаолият кўрсатаётган “Сирдарё сири” фермер хўжалиги ер майдони ўрганилганда фермер хўжалиги ижарасида бўлган 260қ (янги харитада 5095қ)-контурдаги балл бонитети 42 балл бўлган 1,2 гектар ер майдонида 35-45 см ернинг устки унумдор қатламини олиб чиқиб кетилганлиги маълум бўлди. Бу ҳолатда ер майдони қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқиши натижасида етказилган зарар суммаси 523 891 166 (беш юз йигирма уч миллион саккиз юз тўқсон бир минг бир юз олтмиш олти сўм) сўмни ташкил қилди.

Юқорида аниқланган ер қонунбузарликнинг олдини олиш ҳамда етказилган зарар миқдорини ундириш юзасидан белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга даъво аризалари киритилмоқда.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ер турларини, айниқса суғориладиган ер майдонларини сақлаш, ноқонуний эгаллаб олмаслик ва ўзбошимчалик билан қурилишлар бошламаслик юзасидан маҳаллаларда кенг тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

К. Қодиров , "Ўзагроинспекция"нинг Сирдарё вилоят бошқармаси қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланишни назорат қилиш шўбаси бош мутахассиси

Text to speech