Жорий йил ҳосили учун Жиззах вилоятининг пахтачилик туманларидаги мавжуд фермер хўжаликлари ва пахта кластерлари томонидан жами 80 минг 20 гектар майдонга пахта экилди. Айни дамларда ғўзага ишлов бериш, озиқлантириш ва культивация ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунга қадар 72 минг 580 гектар ерда 2-озиқлантириш ишлари амалга оширилди.
Биламизки, ўсимликларнинг яхши ўсиб, ривожланишида ғўза қатор ораларига ишлов беришнинг аҳамияти катта. Сабаби культивацияда тупроқнинг хусусиятлари яхшиланиши билан бир қаторда тупроқдаги нам сақланиб, бегона ўтлар йўқотилади. Бунда энг аввало культиватордаги ишчи органларининг созлиги ва сонига жиддий эътибор қаратиш лозим.
Бу борада Жиззах вилоятида амалга оширилаётган ишларга тўхталадиган бўлсак, 77,8 гектардан зиёдроқ майдонлар қатор орасига 5 марта ишловлар берилди. Мазкур агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши “Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан кунлик назорат қилиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ғўзанинг ўсув даврида унга препаратлар асосида ишлов бериш ва турли касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш ҳам ўта муҳим вазифалардан саналади. Шу боис ғўза майдонларидаги бугунги мавжуд ҳолат эътиборга олиниб, далаларни культивациядан чиқариш билан бир қаторда ғўза ниҳоллари, гул ва баргларини ҳамда кўсакларини шикастлайдиган трипс, ўргимчаккана, қандала ва кўсак қуртига қарши ОВХ пуркагичлар ёрдамида ишлов бериш тадбирлари ўтказилмоқда.
Мисол учун, кимёвий препаратлар билан трипс, ўргимчаккана, қандала сингари хавфли зараркунандаларга қарши эса 68 минг гектар, кўсак қуртига қарши 33 минг гектар майдонларда профилактик ишловлар берилди.
Лекин мазкур агротехник тадбирларни амалга ошириш жараёнида жойларда бир қатор камчиликлар ҳам кузатилмоқда. Чунончи, жорий йилнинг 16 июль ҳолатига кўра, мавсумда қатнашиши белгиланган 1 минг 359 та культиваторлардан 1 минг 80 таси, 279 та ОВХ пуркагичлардан 206 таси қатнашгани, ўрганишларда маълум бўлди.
Бугунги долзарб паллада ўтаётган ҳар бир кун ҳосил тақдирини ҳал қилиши мумкинлигини ҳисобга олсак, ҳар битта техника нечоғли зарурат эканини англаш қийин эмас.
Ғўза парваришидаги агротехник тадбирларни вилоятнинг Арнасой тумани мисолида кўриб чиқадиган бўлсак, мазкур туманда бу йил ҳудуд пахтакорлари томонидан 8 минг гектар ерда ғўза парвариш қилинмоқда.
- Қишлоқ хўжалиги техникаларининг мавсум ишларига қатнашиши билан боғлиқ камчиликлар Арнасойда ҳам кузатилмоқда, дейди “Ўзагроинспекция”нинг туман бўлими инспектори Равшан Холиқов.
Масалан, 16 июль ҳолатига мавжуд 162 та культиватордан 99 таси иштирок этган бўлса, ОВХ-600 пуркагичлардан эса 35 тадан 23 таси қатнашган, холос. Техникаларнинг тўлиқ қатнашмагани табиийки, қатор ораларига ишлов бериш ҳамда зараркунандаларга қарши курашиш ишларининг ўз муддатида якунланмай, кечиктирилишига олиб келади. Ҳозирда мазкур камчиликларни бартараф этиш мақсадида белгиланган техникаларни далаларга чиқариш чоралари кўрилмоқда.
Инспекциясининг туман бўлими ходимлари томонидан ғўза парвариши бўйича 231 та назорат тадбирлари ўтказилиб, шундан 163 та фермер хўжаликлари ва кластерларнинг 2,0 минг гектар майдонида хато ва камчиликлар, қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган. Ушбу камчиликларни бартараф этиш ва таъсир чораларини кўриш мақсадида фермер хўжаликлари, кластер ва тегишли ташкилотларга 561 та огоҳлантириш, 7 та ёзма кўрсатма ва тақдимномалар киритилган, 3 та ҳолат бўйича маъмурий жарималар қўлланилган.
Хулоса ўрнида, ўтаётган ҳар бир кун деҳқонларимиз учун ғанимат. Шундай экан, ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланиб, бор куч ва имкониятларни тўлалигича ишга солиш, агротехник тадбирларни ўз муддатида якунлаш зарур. Зеро, бугунги ҳаракат келгусида ҳосил тақдирини белгилайди.
“Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати