Ру Ўз O`z En

НАВОИЙДА ҒЎЗА АГРОТЕХНИКАСИ ТАДБИРЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

17 Июнь 2021 2912

Июнь ойи ғўза парваришида муҳим долзарб палла ҳисобланади. Айни долзарб мавсумда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари инспекторлари томонидан ғўза агротехник тадбирларининг кечиктирмасдан ўтказилиши жиддий назоратга олинган.

Жорий йил вилоятда 32 588 гектар майдонга чигит қадалган бўлиб, бугунги кунда Хатирчи, Навбаҳор, Қизилтепа, Кармана, Конимех туманларида ғўзалар тобора ривожланиб, шоналаш ва гуллаш фазаларига кирган. Хусусан, вилоят бўйича 26 112 гектар майдондаги ғўза шоналаган бўлса, 6476 гектар майдонларда ғўза гуллаган.

Гуллаган ғўза майдонининг 2 169 гектари Хатирчи, 1 675 гектари Қизилтепа, 1 464 гектари Навбаҳор, 1 056 гектари Кармана, 112 гектари эса Конимех туманларига тўғри келади.

Айтиш жоизки, айни кунларда далаларда культивация, ғўзани озиқлантириш ва суғориш каби агротехник тадбирлар давом этмоқда. Жумладан, тупроқ етилиши билан қатор ораларига культиваторни кечиктирмасдан киритилиши ўсимликнинг озиқланиш тизими яхшиланиши, ёш ниҳолларнинг илдиз чириш ва гоммоз касалликлари билан зарарланишининг олдини олади.

Вилоят бўйича мавсумга 740 та культиваторлар жалб этилган бўлиб, бир кунда 3-3,2 минг гектар, мавсум бошидан эса 4,5 марта ғўза қатор орасига ишлов берилди.

Навбаҳор туманидаги “Икки ўғлон” фермер хўжалигининг раиси Мақсуд Ўроқов, 61,9 гектар майдонга чигитнинг “Бухоро 102” навидан экканди. Ҳозирга келиб замонавий техникалар билан ғўза қатор ораларига ишлов бериш, чуқур юмшатиш, суспензия сепиш, минерал ўғитлар билан озиқлантириш каби агротехник тадбирларини ўз вақтида сифатли олиб борган фермер ерларида ғўзалар тўлиқ гуллаган.

М. Ўроқовнининг айтишича, ғўзаларга уч марта суспензия сепилди, 4-5 марта культивация қилинди. Шу билан бирга биринчи суғориш ишлари ҳам бажарилди. Пахтакор фермер дала майдонини яқинда иккинчи марта суғоришини таъкидлайди. Айтиш жоизки, бу каби агротехник тадбирларни кечиктирилмай ва сифатли бажарилишида Инспекциянинг туман бўлими инспекторлари олиб бораётган назорат тадбирларининг аҳамияти катта бўлмоқда.

Туманда пахтачиликка ихтисослашган 182 та фермер хўжалиги томонидан 7 555 гектар майдонда ғўза парваришланмоқда, - дейди Инспекциянинг Навбаҳор туман бўлими инспектори Бобур Мўминов.

Кундан кунда бўй чўзиб ривожланиб бораётган ғўза майдонларида барча агротехник тадбирларни кечиктирмасдан ўтказиш бўйича 136 нафар фермер хўжаликларига огоҳлантириш хатлари, 55 нафарига ёзма кўрсатмалар берилди. Ҳосилнинг мўл бўлиши бугунги ҳаракатга боғлиқ. Шу боис бу борадаги назорат тадбирларини мунтазам олиб бормоқдамиз. 

Мутахассисларнинг фикрига кўра, ҳосил тақдири ҳал бўладиган айни шу кунларда ғўза майдонларининг ҳар гектарига 5 тоннадан маҳаллий ўғит чиқарилиб, шарбат усулида суғориш ташкил этилса, тупроқдаги мавжуд микроорганизмлар фаолияти жадаллашиб, минерал ўғитлар самарадорлиги 50 фоизгача ошади.

Ушбу жараённинг сифатли амалга ошиши ҳосилдорлик чўғи баланд бўлишида муҳим роль ўйнайди.

Инспекциянинг вилоят бошқармаси катта инспектори Бурҳон Тўйчиев берган маълумотларга кўра, вилоятда мавсум бошидан буён ғўза агротехник тадбирларини ўтказишда Агроинспекция инспекторлари томонидан 369 та камчиликлар аниқланган. Уларни бартараф этиш бўйича туман ҳокимликларига 6 та тақдимнома киритилган. 303 нафар фермер хўжалик раҳбарларига огоҳлантириш хатлари 32 нафарига эса ёзма кўрсатма берилган. Шунингдек, тўртта ҳолатда маъмурий иш қўзғатилиб, кўриб чиқишлик учун туман судларига юборилиши таъминланган.

 “Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси матбуот хизмати

Text to speech