Қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил ва сифатли маҳсулот етиштириш уруғликка боғлиқ. Сифатли уруғлик етказиб бериш замирида уруғларни етиштириш, қайта ишлаш ҳамда навдорлик ва экинбоплик сифат кўрсатгичларини назорат қилиш соҳа ходимларидан жиддий масъулиятни талаб қилади.
Жорий йилда Тошкент вилоятида 3 минг 332 тонна уруғлик пахта тозаланиб сараланди. Шундан 2 минг 332 тонна уруғлик чигит туксизлантирилади ва дориланиб қадоқланади.
Вилоят бўйича Давлат реестри рўйхатидан ўтган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этилган ғўза навларидан 105 тонна элита, 1 минг 493 тонна биринчи ва 734 тонна иккинчи авлодли уруғлик чигитини тайёрлаш режалаштирилган.
Вилоятда экилиши белгиланган уруғлик чигитлар туксизлантирилган ҳолда тайёрланиши ҳамда нав тозалиги супер элита ва элита авлодли уруғлик чигитда 100%, биринчи авлодда 99%, иккинчи авлодда 98%, учинчи авлодда эса 96% дан кам бўлмаслиги, шунингдек, унувчанлик, ифлослик, намлик, механик шикастланганлик ва қолдиқ тола кўрсаткичлари каби сифат кўрсаткичлари давлат стандартлари талабларига мос бўлиши керак.
Қабул қилинган уруғлик пахта хом-ашёсини ғарамларда камида икки ой тиним даврида сифатли сақланиб, пахта хом-ашёсидаги чигитлар тўлиқ физиологик етилганидан сўнг, қайта ишлашга бериш ва ишлаб чиқаришдан олинган уруғлик чигитни уруғлик тайёрлашга ихтисослашган корхоналарга ташиш, дорилаш, сақлаш ва фермер хўжаликларга етказиб берилишини ташкил этиш босқичма-босқич амалга оширилади.
Шу сабабли уруғлик чигит тайёрлаш учун мавжуд пахта кластерларига тегишли пахта тозалаш корхоналарида “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан уруғлик пахтани тозалаш ҳамда мавжуд иккита уруғлик чигит дорилаш цехларининг ишлаши кунлик мониторинг қилиб борилмоқда.
Айниқса, Республика бўйлаб об-ҳавонинг кескин совиб кетиши уруғлик чигит тайёрлашга ихтисослашган цехларнинг омборхоналарида иситиш чораларининг кўрилганлиги, дорилаш жараёнларида намликнинг белгиланган меъёрда бўлиши ҳамда уруғлик чигитнинг унувчанлигини йўқотмаслик юзасидан барча зарурий чоралар кўрилиши эътибордан четда қолдирилмади.
Ҳозирги кунда вилоятдаги пахта-тўқимачилик кластерлари ва уруғлик тайёрлаш цехларида жами 1 минг 188 тонна уруғлик пахта тозаланиб, сараланиб, 532 тоннаси туксизлантирилган бўлса, 438 тонна уруғлик чигитни дорилаш ишлари амалга оширилди.
Натижада “Ўзагроинспекция”нинг Тошкент вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлим инспекторлари томонидан амалга оширилаётган назорат тадбирлари натижасида вилоятда сифатли уруғлик чигит тайёрланишига эришилмоқда.
Бу эса келгусида фермер хўжаликлари томонидан пахтадан мўл ҳосил олинишида муҳим аҳамият касб этади.
Ш. Усубалиев, "Ўзагроинспекция" Тошкент вилоят бошқармаси бош инспектори