Ру Ўз O`z En

БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди

14 Август 2024 1047

Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги тизимидаги вазиятни баҳолаш доирасида ФАО нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда ФАО минтақавий бюросининг вакилларидан бири жаноб Оржон Джоджи бошчилигидаги халқаро экспертлар гуруҳи "Ўзагроинспекция" ҳузуридаги "Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази“ давлат муассасасига ташриф буюрди.

Ташриф давомида, халқаро экспертлар Марказда жойлашган лабораториялар мажмуаси фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Шу билан бирга, халқаро экспертларга "Ўзагроинспекция"нинг аграр ва озиқ-овқат хавфсизлиги тизимидаги ўрни ҳамда маҳсулотларни сифатини баҳолаш ва сертификатлаштириш фаолиятига доир жараёнлар юзасидан тақдимотлар намойиш этилди.

Учрашув томонлар ўртасида савол-жавоб тарзида ташкил этилиб, халқаро экспертларнинг саволларига "Ўзагроинспекция" мутахассислари томонидан атрофлича жавоб ва тушунтиришлар берилди.

Учрашув якунида, халқаро экспертлар "Ўзагроинспекция"нинг аграр ва озиқ-овқат хавфсизлиги тизимида олиб бораётган ишлар яхши йўлга қўйилганлиги ва халқаро даражада амалга оширилаётганлигини таъкидлади, шунингдек, Ўзбекистонда уруғчилик хўжаликларига етказиб берилаётган уруғликларнинг сифатига катта эътибор қаратилаётганига йўналтирилган ишларни алоҳида эътироф этди.

Учрашув томонлар ўртасида самимий ва кўтаринки руҳда кечди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция доирасида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев ва  ФАО бош директори Цюй Дунъюй билан ўтган расмий учрашувда Ўзбекистон ва ФАО ўртасидаги 2030 йилгача бўлган янги ҳамкорлик дастурига учта йўналиш бўйича қўшма тадбирларни киритиш бўйича келишувга эришилган эди.

Улар:

  • қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, жумладан, тупроқни тартибга солиш, уруғларни сақлаш ва танлаш;

  • қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, жумладан, «Қўлни қўлга» ташаббуси доирасида маълумотлардан фойдаланиш ва «1000 та рақамли қишлоқ» ташаббусини амалга ошириш;

  • янги самарали молиявий воситаларни жорий этиш.

"Ўзагроинспекция" Ахборот хизмати

Text to speech