“Ўзагроинспекция” Қашқдарё вилоят бошқармаси бошлиғининг қўллаб-қувватлаши ҳамда вилоят Касаба уюшмаси ташаббуси билан қишлоқ хўжалиги соҳаси меҳнат жамоаларида узоқ йиллар давомида фаолият олиб бораётган ходимлар, фаоллар, хотин-қизлар ва меҳнат фахрийлари учун ўзининг бой тарихий ва маданий меросига эга бўлган, қадимий ва ҳамиша навқирон бўлмиш кўҳна Самарқанд шаҳрига саёҳат ташкил этилди.
Дастлаб саёҳат, Хўжа Дониёр зиёратгоҳи, Саёҳат Шохи зинда ёдгорлиги, Ислом Каримов мақбараси, Амир Темур мақбарасида азиз авлиёлар, пир-у бобокалонлар ҳаққига Қуръон тиловат қилиниши зиёрати билан бошланди.
Саёҳатнинг иккинчи ярми Мирзо Улуғбек расадхонаси, Регистон ансамбли (Шердор, Тиллакори, Мирзо Улуғбек мадрасалари) ҳамда Бибихоним мадрасаси билан давом этар экан, Саёҳатчилар тарихий обидалар, улардаги нақшинкор безаклар, ганчкорлик намуналари, ота-боболаримизнинг илм-фан тараққиётидаги қудрати ва донишмандлиги, инсоният тараққиётига улкан ҳисса қўшганлигига яна бир бор гувоҳ бўлдилар.
Шунингдек, Самарқанднинг ноёб меъморий обидалари ҳамда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан шаҳарда барпо этилган маданий-маърифий иншоотлар, сайилгоҳлар ва шаҳарда қад кўтараётган биноларни томоша қилдилар.
“Боқий шаҳар” мажмуасига борган саёҳатчилар қалбида яна бир бор миллий ғурур уйғонди. Буни уларнинг қувончга тўлган кўзларида ва ўзаро суҳбатларида кўриш мумкин эди.
Шу ўринда айтиш керакки, “Боқий шаҳар” мажмуаси, Конгресс холл, 8 та замонавий меҳмонхона, амфитеатр ва кўплаб бошқа объектлардан иборат бу муҳташам марказнинг барпо этилиши азим Самарқанд кўркига янада файзи тароват бағишлаган.
Кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳар дея таъриф бериладиган Самарқанднинг тарихи ва кейинги йилларда бу ерда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари унинг шуҳратини янада ошираётганига саёҳатчилар гувоҳ бўлдилар.
“Самарқанд шаҳрига бўлган саёҳат вилоятимизнинг қишлоқ хўжалиги соҳаси меҳнат жамоаларида фаолият олиб бораётган ходимлари билан танишиш, ишчанлик ва дўстлик ришталарини боғлашга сабаб бўлди.” - дейди Ўзагроинспекциянинг Қашқадарё вилоят Оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилот раиси Дилдора Хайриева.
Самарқанд қадимдан ўзининг бетакрор гўзаллиги, ажойиб об-ҳавоси, ширин суви ва мазали нонлари билан дунёга машҳур шаҳар бўлган. Орадан қанча асрлар ўтса ҳамки мазкур шаҳар ҳали-ҳануз одамларни ўзига оҳанрабодек жалб қилиб келмоқда. Саёҳат давомида навқирон Самарқанднинг қадимий тарихи ва мустақиллик йилларида барпо этилган бунёдкорлик мажмуалари тўғрисида катта таассуротларга эга бўлдилар.
“Ўзагроинспексиянинг” Қашқадарё вилоят бошқармаси ахборот хизмати