Шу кунларда республикамизга кескин совуқ ҳаво оқими кириб келаётганлиги барчанинг диққат марказида. Айниқса, ҳафта охирларида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши кутилмоқда. Бундай шароитда қорасовуқнинг салбий таъсирини камайтириш ва уни юмшатиш чораларини кўриш жуда зарур. Бу борада мевали дарахтларни, айниқса совуққа чидамсиз бўлган анорзор ва токзорларни совуқдан асрашга ҳар биримиз эътиборли бўлишимиз керак.
Мавсумни талафотсиз ва безарар ўтказиш мақсадида “Ўзагроинспекция”нинг 1400 нафар ходимлари томонидан жойларда анорзор ва токзорларда кўмиш тадбирлари алоҳида назоратга олинган.
Республикамиз бўйлаб ўтаётган тадбирлар ҳисобига, бугунги ҳолатига 3 минг 328 гектар ( 27%) анорзор ҳамда 51 минг 503 гектар ( 56%) токзорлар сифатли қилиб кўмилиб, қишки совуқли кунларда чидамли ҳолатга келтирилди.
Жумладан, юртимизнинг Сурхондарё, Фарғона, Сирдарё, Тошкент ва Хоразм вилоятларида мавжуд токзорларни кўмиш ишлари 65-70 фоизга амалга оширилди.
Шунингдек, Наманган, Бухоро, Жиззах, Самарқанд va Андижон viloyatlarida анорзорларни қишга тайёргарлик tadbirlari 45-50 foizga бажарилди.
Бундан ташқари, ходимлар томонидан мевали боғларни совуқдан сақлаш мақсадида олма, гилос, олхўри ва бошқа мевали боғларнинг қатор орасига хазонлар йиғиш ишлари ташкил қилиниб, ҳаво ҳарорати 10 градусдан паст бўлган ҳолатда хазонларни ёқиб тутатишга тайёргарлик кўрилди.
Ушбу тадбирларни сифатли ва ўз вақтида амалга оширишда барча Инспекция ходимлари сафарбар қилиниб, жойларга чиққан ҳолда якунлаш чорасини кўриб боради.
"Ўзагроинспекция" Ахборот хизмати