Бугунги кунда ғўза парваришида амалга ошириладиган муҳим агротехник тадбирларни ўз вақтида, оби-тобида, сифатли қилиб ўтказиш долзарб масала бўлиб турибди. Айниқса, суғориш ишларини белгиланган меъёр ва талаблар асосида ташкил этиш ғўзани асраб қолишнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Шундан келиб чиқиб, “Ўзагроинспекция” бошлиғининг топшириғи ва кўрсатмасига асосан тизимда “Долзарб 30 кун”лик эълон қилинди. Бу ишларга Инспекциянинг Жиззах вилоят бошқармаси ва туман бўлимларидан жами 60 нафарга яқин ходим жалб этилиб, улар зиммасига сув етиб бориши қийин бўлган ҳудудларга амалий кўмак кўрсатиш ҳамда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига риоя этилиши устидан қатъий назоратни ўрнатиш вазифалари қўйилди.
Инспекция томонидан сув хўжаликлари ташкилотлари билан биргаликда, биринчи навбатда ўта оғир ва олис ҳудудлардаги чанқаган, сувсизликдан ночор аҳволга келиб қолган пахта майдонларига сув етказиш чоралари кўрилди ва амалий саъйи-ҳаракатлар натижасида кўпгина сувдан қийналаётган фермер хўжаликларининг пахта даласига сув етиб бориши таъминланди.
Ҳозирги кунда 77 минг 900 гектар пахта майдони 1-сувдан чиқарилиб, жойларда 2-суғориш ишлари кетмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, 52 минг 657 гектардан зиёд ғўза майдони 2-сувни ичган. Ғўзанинг такрорий, томорқа ва бошқа суғориш ишларида эса 2 минг 56 нафар сувчилар қатнашмоқда.
Шунингдек, ўтказилган назорат тадбирлари даврида айрим сув истеъмолчиларининг сувдан тежаб-тергаб фойдаланишни билмаслиги ва истеъмол маданиятининг етишмаслиги, “қулоқбоши”дагиларнинг «ўзим хон кўланкам майдон» қабилида иш тутиши каби ҳолатлар ҳам аниқланди.
Бу каби ҳолатлар оқибатида пахта майдонларига сув етиб бориши анчайин қийинлашиб, сувдан ким, қай йўсинда, ёки қандай мақсадда фойдаланаётгани айни вегетация даврида янада яққолроқ сезилиб қолмоқда.
“Вилоятдаги 7 та пахтачилик туманларида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига риоя этилиши юзасидан ўтказилган жами 606 та назорат тадбирларида 645 та камчиликлар аниқланди” - дейди “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бўлими бош инспектори И.Душабоев.- “Шундан 83 та ҳолатда экин майдонлари кўллатиб юборилган бўлса, 69 тасида сув коллектор-дренажларга оқизиб қўйилган. Бундан ташқари, рухсатсиз ва шартнома тузмасдан сув олиш бўйича 56 та ҳолат аниқланиб, 83 та ҳолатда даладаги сув қаровсиз қолдириб кетилган. 34 та ҳолатда эса меъёридан ортиқча сув олинган”.
“Яна бир гап: Жазирама иссиқда ғўзани тунда суғориш яхши самара беради. Бироқ инспекция томонидан бу борада олиб борилган мониторинг таҳлиллари шуни кўрсатмоқда-ки, ҳамма ҳам бу усулга амал қилаётгани йўқ. Мисол учун, ўрганишларда 136 та ҳолатда тунги суғориш ишлари ташкил этилмаган бўлса, 158 тасида шарбатсиз суғорилгани маълум бўлди”.
Аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш мақсадида сув истеъмолчиларига 81 та ёзма кўрсатма ва 200 та огоҳлантиришлар берилиб, ҳокимликлар ва сув хўжаликлари ташкилотларига 24 та тақдимномалар киритилган. Шунингдек, 60 та маъмурий қарорлар қабул қилиниб, 76 та ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун суд идораларига тақдим этилди.
“Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси Ахборот хизмати