Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги байрами муносабати билан "Ўзагроинспекция" марказий аппарати ва унинг касаба уюшмаси қўмитаси томонидан “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” деб номланган тадбир ўтказилди.
Давлатимиз мадҳияси садолари остида бошланган тадбирда Инспекция марказий аппарати ва Агросаноат мажмуида хизмат кўрсатиш маркази ходимлари иштирок этишди.
Тадбирда ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг равнақи йўлидаги ишларида муносиб ҳисса қўшаётган, ташкилот нуфузини оширишда фаол иштирок этаётган 34 нафар бошқарув ходимлари ҳамда техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар муносиб тақдирландилар.
Тантанали ўтган мазкур байрам тадбирини Агроинспекция раҳбари А.Вахабов очиб бериб, барчани мустақиллигимизнинг 31 йиллик байрами билан қутлаган ҳолда, қуйидаги фикрларни билдириб ўтдилар:
- Инспекция тизимида қишлоқ хўжалиги соҳасини ўзининг билими, интилувчанлиги ва тиришқоқлиги билан ривожлантиришни таъминлаётган, совуқни совуқ, иссиқни иссиқ демай деҳқонлар билан баб-баравар тер тўкиб ишлаётган ходимларимиз талайгина.
Энг қувонарлиси, ўсиб келаётган ёш кадрларимизнинг ҳам бу борадаги ютуқлари эътирофга лойиқ.
“Ўзагроинспекция” қошидаги Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази ҳам айнан ана шундай фидоий, ўз касбининг етук мутаххассислари жамланган даргоҳ десак, муболаға бўлмайди.
Яқин кунларда очилиши режалаштирилаётган ГМО ва касалликларни аниқлаш лабораториясининг барпо этилишини ҳам Марказ раҳбарияти ва ходимларининг кечани кеча демай қилган меҳнатлари самараси эканлигини барчамиз кўриб, билиб турибмиз.
Юқоридагиларни инобатга олиб, мустақил ватанимизнинг гуллаб-яшнаши йўлида кўрсатган хизматлари, Инспекция тизимининг ривожланиши, қолаверса, мамлакатнинг иқтисодий ва аграр соҳасига қўшган муносиб ҳиссаси, жамоат ишларидаги фаоллиги ҳамда ташаббускорлиги учун Инспекция марказий аппарати ҳамда Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази ходимларига ўз ташаккуримизни билдиришни ният қилдик.
Шундан сўнг, бир гуруҳ фаол ходимларга Раҳбариятнинг ташаккурномалари топширилди.
Айниқса, тизимда озчиликни ташкил этадиган аёлларга кўрсатилган алоҳида эҳтиром уларнинг келгуси иш фаолияти самарадорлигини янада оширишга муҳим омил бўлди, дейиш мумкин.
"Ўзагроинспекция" Ахборот хизмати