Ру Ўз O`z En

АГРОТЕХНИК ТАДБИРЛАРНИНГ ЎТКАЗИЛИШИ МОНИТОРИНГ ҚИЛИНМОҚДА

22 Август 2024 878

Бу йилги об-ҳавонинг инжиқликларига қарамасдан Қизилтепалик бободеҳқонлар пахтадан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришга алоҳида эътибор қаратишмоқда.

«Ўзагроинспекция»нинг Қизилтепа туман бўлими мутахассислари томонидан, ғўза парваришида агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши юзасидан доимий мониторинг тадбирлари ўтказилмоқда.

Хусусан, жорий йилда туманда 7 минг 100 гектар майдонда парвариш қилинаётган ғўза майдонларининг ҳозирда 5 минг гектари 13-14 та ҳосил шох ва 2,1 минг гектари 15-16 ҳосил шох фазасида ривожланмоқда.

Туман бўлими мутахассислари томонидан август ойида ғўза қатор ораларига ишлов беришда культиваторлардаги ишчи органлари сони, ҳимоя воситалари билан ўралганлиги ва ишлов бериш сифатига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мавжуд 180 дона культиваторлар билан бир кунда ўртача 925 гектар ғўза майдонида культивация ишлари олиб борилмоқда. Пахтадан мўл ҳосил етиштиришда ғўзани минерал ўғитлар билан озиқлантириш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда бугунги кунга қадар, тўлиқ майдонларда гектарига 800 килограммдан минерал ўғитлар билан озиқлантирилиб, 3,5 марта ғўза баргидан озиқлантирилди. Бугунги кунда ғўзани дефолиация қилиш тадбирларига пухта тайёргарлик кўрилиб, дефолиация ўтказиладиган 25,1 минг гектар майдонларга тўлиқ дефолиантлар захираси яратилган.

Мавсум давомида ғўза агротехникаси бўйича ўтказилган назорат тадбирлари давомида маҳаллий ҳокимликларга 2 та тақдимнома, тадбиркорлик субъектларига 95 та огоҳлантириш хатлари берилган бўлиб, 7 та фуқароларга нисбат ваколат доирасида маъмурий чоралар кўрилган ҳамда 2 та фермер хўжалиги раҳбарига нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб кўриб чиқишлик учун тегишли суд органига юборилган.  

Инспекциянинг Қизилтепа туман бўлими бош мутахассиси E.Azimov.

Text to speech