Жорий йилда Республикада 1 млн 30 минг 464 гектар сувли майдонларда ғалла парваришланмоқда.
Ҳудудларда ғалла майдонларида амалга оширилаётган агротехник тадбирлар юзасидан ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида аниқланишича айни пайтда, тўлиқ майдонларда ниҳол униб чиққанлиги ва ғалла майдонларининг 146 минг 274 гектари ёки 14 фоизи 3-4 барг ҳамда 884 минг 190 гектари ёки 86 фоизи туплаш фазасида ривожланаётганлиги маълум бўлди.
Бугунги кунда, ғаллани азотли минерал ўғитлар билан баҳорги биринчи озиқлантириш (1 га 200 кгдан) ишлари қизғин паллага кирган бўлиб, Республика бўйича 340,2 минг гектар ёки 33 фоиз майдонда озиқлантириш ишлари амалга оширилди.
Шунингдек, ғалла майдонларига маҳаллий ўғит жамғариш ишлари юзасидан ҳудудий инспекторлар томонидан кунлик назорат тадбирлари ўтказилиб борилаётган бўлиб, февраль ойида ҳар гектар ғалла майдонларига 3 тоннадан жами 3 млн 91,3 минг тонна маҳаллий ўғит жамғариш белгиланиб, амалда 529,9 минг тонна ёки 17 фоизга жамғарилганлиги маълум бўлди.
“Ўзагроинспекция” томонидан ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида бир қатор ҳудудларда ғалла парваришида агротехник тадбирларнинг бузилишига йўл қўйилаётганлиги аниқланди.
Жумладан, бошоқли дон экинларини экиш ва парваришлаш бўйича мавсум давомида инспекторлар томонидан жами 1 млн 162 минг 817 гектар майдонларда назорат тадбирлари ўтказиб, шундан 15105 та субъектларнинг 372 минг 501 гектар майдонларда агротехник тадбирлар бузилганлиги кузатилди.
Мисол учун, ғалла сифатсиз ва кеч экилиши натижасида 1033 та субъектларда 8293 гектар майдонларда ғалла сийрак униб чиққанлиги, 461 та субъектларда 5308 гектар майдонда ғалла сарғайиб ривождан орқада қолганлиги, 822 та субъектларда 9086 гектар майдонда азотли минерал ўғитлар билан сифатсиз озиқлантирилганлиги, 482 та субъектларда 4300 гектар майдонлар бугунгача ғўзапоядан тозаланмаганлиги ва 3267 та субъектларда 41927 гектар майдонлари учун маҳаллий ўғит жамғарилмаганлиги аниқланди.
Ушбу аниқланган камчиликларни бартараф қилиш ва келгусида олдини олиш юзасидан фермер хўжаликлари ва кластер корхоналарига 8152 та огоҳлантириш, 5781 та кўрсатма берилиб, маҳаллий ҳокимлик ва идораларга 306 та тақдимнома киритилди ҳамда айбдорларга нисбатан 84 та маъмурий баённома тузилган.
Қишлоқ хўжалигида Агротехник тадбирлар ўтказилишини назорат қилиш бошқармаси