Ру Ўз O`z En

АГРОТЕХНИК ТАДБИРЛАРНИНИНГ ВАҚТИДА БАЖАРИЛИШИ МЎЛ ҲОСИЛ ОЛИШ ГАРОВИДИР

18 Май 2020 5698

2020 йил14 апрель куни Президентимиз раҳбарлигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида, қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш юзасидан агросаноат тизими масъуллари олдида турган муҳим вазифалар белгилаб берилди.

  Унга асосан, аҳоли истеъмоли учун арзон ва сифатли қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш юзасидан йўл харитаси ишлаб чиқилмоқда.

 Жумладан видеоселектор йиғилишида ҳар гектар ҳисобидан, мавжуд режага нисбатан пахтадан 10 центнер, ғалладан 20 центнер қўшимча ҳосил етиштириш юзасидан долзарб вазифалар белгилаб олинди ва бундан  кўзланган мақсад, бутун дунёда ҳукм сураётган коронавирус пандемияси оқибатларини бартараф этиш, аҳоли эҳтиёжларини сифатли ва арзон қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ овқат масҳулотлари билан таъминлашдан иборатдир.

 Самарқандлик бободеҳқонлар жорий йилда  215 минг 500 тонна пахта хом ашёси ишлаб чиқаришни режалаштиришган. Бундай улкан ҳирмон пахтакорларнинг меҳнати, пешона тери эвазига яратилади, албатта. Мавжуд 2 минг 106 та фермер хўжаликлари ва кластер корхоналари раҳбарлари томонидан 75 минг 580 гектар ер майдонига чигитнинг Султон, Бухоро-102, Омад,С-8286, Порлоқ-1 навлари экилган бўлиб, ниҳол тўлиқ ундириб олинган.

Галдаги асосий вазифа, ғўза парваришида белгиланган агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказишдан иборат. Буни дилдан ҳис этган деҳқонларимиз баҳорнинг ҳар бир кунидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилишмоқда. Аммо, муттасил ёғаётган ёмғир ҳамма вақт ҳам бунга имкон бермаяпти. Таъбир жоиз бўлса Она табиат, деҳқонларимизни яна бир бор синовдан ўтказмоқда.  Инсон ва табиатнинг ўзаро кураши сабаб, деҳқоннинг иродаси, сабр-бардоши тобланмоқда.

  Юқоридаги ноқулайликлар сабаб,  агротехник тадбирларнинг кечикмаслигини  олдини олиш мақсадида, Республика Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан ғўза парваришида агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши юзасидан кўргазмали семинарлар ўтказилмоқда.

 

Унда, қатнашчиларга ғўза экин майдонларидаги намни қочиришда чизель чуқурлатгичлар билан ишлов бериш, стимуляторлар асосида суспензия сепиш тадбирларининг аҳамиятли жиҳатлари  тегишли мутахассислар томонидан атрофлича тушунтириляпти.

Пайариқ туманида ўтказилган кўргазмали семинарда кластер корхоналари, фермер хўжаликлари  ва муқобил машина трактор парклари раҳбарлари иштирок этишди.  Тадбир давомида пахта майдонларидаги намликни қочириш мақсадида, чизель чуқурлатгич билан 35-40 сантиметр чуқурликда  ишлов бериш, намни қочириш билан бирга, ғўза ниҳоллари илдизига қуёш нури ҳарорати етиб бориши учун имконият яратилиши ҳамда стимуляторлар билан суспензия сепиш ҳосилдорликни оширишнинг энг самарали усуллари эканлиги амалий тарзда тушунтирилди.

 

-Шунингдек, чигит экилиб, ниҳол тўлиқ ундириб олингандан кейин далаларнинг тупроқ шароити ва ғўза навларининг биологик ҳусусиятларига қараб яганалаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Яганалашнинг энг оптимал муддати ғўза ниҳолларида 1-2 чинбарг пайдо бўлган давр ҳисобланади. Ушбу муддат кечиктирилиб, 4-5 чинбарг даврида ўтказилса, пахта ҳосили 2-3 центнерга, 6-8 чинбарг даврида ёки шоналаш давригача кечиктирилса кўчат қалин бўлиб, ниҳолларнинг сув ва озиқадан фойдаланиш самарадорлиги пасайиб кетади натижада  ҳосилдорлик 15-20 центнерга камаяди.   Бошқарма томонидан вилоятнинг пахта етиштиришга ихтисослашган 9 та туманида мавжуд 523 та чизель чуқурлатгичлар ва суспензия сепиш мосламаларининг ўрнатилганлиги, техника воситаларига хизмат кўрсатиш ва ёқилғи мойлаш материаллари билан узлуксиз таъминланиши юзасидан назорат тадбирлари ўтказилмоқда - дейди “Ўзароинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи Нурмамат Турсунов.

-Шунингдек, чизель чуқурлатгич билан ишлов беришнинг аҳамиятли жиҳатларидан яна бири, ердаги намни тезкорлик билан қочириш имкониятининг юзага келиши билан изоҳланади.  Ғўза  ривожида  қуёш ҳарорати жуда зарур. Агар чизель чуқурлатгич билан ишлов берилса, ниҳолларга қуёш ҳарорати, иссиқлик етиб боради, ёмғир сувлари ғўза ниҳоллари илдизига етиб бориб, унинг ривожланишига ижобий таъсир қилади. Шу сабабли, пахтакорларимиз мазкур агротехник тадбирларни зудлик билан ўтказишлари лозим,-дейди “Пайариқ Кластер” МЧЖ бош агрономи Алижон Облоқулов.

Чизель чуқурлатгич билан ишлов беришда қатнашадиган механизаторлар учун  ҳар гектар майдон ҳисобига 20 минг сўм иш ҳақи тўланиши белгиланган. Мисол тариқасида таъкидлаш лозимки, механизатор томонидан бир кунда ўртача 10 гектар пахта майдонига ишлов берилса 200 минг сўм маблағ тўланади. Шунингдек мавсумда қатнашадиган механизаторлар учун механизаторлар уйи тахт қилинган бўлиб, барча зарурий шароитлар яратилган. Қишлоқ хўжалиги техникалари учун даланинг ўзида техник хизмат кўрсатиш ташкил этилган бўлиб, ёқилғи мойлаш материаллари билан таъминланган.

Кўрилаётган муҳим агротехник тадбирларнинг барчаси, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш мақсадида, пахтадан мўл ҳосил етиштириш учун пухта замин ҳозирланаётганидан далолат беради.

“Ўзагроинспекция” Самарқанд вилоят бошқармаси

Text to speech