Ру Ўз O`z En

ҒАЛЛА ПАРВАРИШИГА ЭЪТИБОР ЯНАДА КУЧАЙТИРИЛИШИ ТАЪКИДЛАНДИ

10 Февраль 2022 1441

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси Навоий вилоят бошқармаси, Навбаҳор туман ҳокимлиги қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўлими, Навоий AKIS маслаҳат маркази ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигидаги қишлоқ хўжалигида долзарб масалаларга бағишланган ўқув-семинари ташкил этилди.

Семинарда кузги бошоқли экинлар, хусусан, ғалла парваришига эътиборни янада кучайтириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири сифатида алоҳида таъкидланди. Ривождан орқада қолган ғалла майдонларида қўшимча агротехник тадбирларни ташкил этиш, минерал ўғитлар ва озиқлантириш ва маҳаллий ўғит жамғариш ишларини бир дақиқа ҳам сусайтирмаслик лозимлиги айтилди.

Маълумот учун, туманда 8 минг 682 гектар майдонга бошоқли дон экилган бўлиб, уларнинг ривожланиши, агротехник тадбирларни ўз вақтида олиб борилиши, ғўзапоядан тозалаш, 2-марта озиқлантириш тадбирлари юзасидан агроинспекция туман бўлими ходимлари томонидан доимий назорат йўлга қўйилган.

Семинарда мутахассисларнинг 2022 йил ҳосили учун парваришланаётган бошоқли дон экинларида занг касалликларни тарқалиши ва уларга қарши кураш бўйича ишлаб чиқилган тавсияларни қўллаш бўйича фикр-мулоҳазалари ҳам билдирилди. Бундан ташқари, дала майдонлари атрофида боғ ва узумзорларни барпо қилиш, сув тежовчи техноолгияларни кенг жорий этиш, 2022 йил ҳосили учун пахта хом-ашёсини етиштириш бўйича фючерс шартномаларини тузиш тўғрисида сўз юритилди.

-  Бугунги тадбирда баҳорги картошка экинини жойлаштириш масаласига ҳам эътибор қаратилди, - дейди “Ўзагроинспекция” Навбаҳор туман бўлими бошлиғи Аббос Ризоқулов. – Хусусан, туманда 2022 йил 683 гектар майдонга картошка экилиши режалаштирилган. Бу борада биринчи навбатда бажарилиши керак бўлган вазифа- сифатли уруғлик картошка, шунингдек, фосфорли ва калийли ўғитлар захирасини яратиш лозим бўлади. Шундан кейин картошка экишга ер тайёрлаш ишлари жадаллик билан олиб борилиши зарур. Айни вазифаларни кечиктирилмай амалга оширилиши юзасидан агроинспекция туман бўлим инспекторларининг мунтазам назорати ўрнатилади.

Семинар қизғин руҳда ўтиб, якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб берилди.

 “Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси  матбуот хизмати

Text to speech