Ру Ўз O`z En

АМУДАРЁ ТУМАНИ: ЖОРИЙ ЙИЛ ҲОСИЛИ УЧУН СИФАТЛИ УЛУҒЛИК ЧИГИТ ТАЙЁРЛАНИШИ НАЗОРАТДА

4 Март 2024 1478

Маълумки, қишлоқ хўжалигида етиштириладиган ҳосилнинг сифати ва салмоғи, албатта яхши танланган уруғлик маҳсулотларига боғлиқ. Ер, сув шароити яхши, тупроқ унумдорлиги қанчалик юқори даражада бўлишидан қатъий назар, ерга қадаладиган уруғликнинг сифати талабга жавоб бермаса, бундай улуғликдан унган ҳосил ҳам кўнгилдагидек бўлмайди, режалар барбод бўлади. Шу боис, қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан ерни экишга сифатли тайёрлашдан ташқари, сифатли улуғлик маҳсулотларини эртадан тайёрлаб қўйишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Бу борада, АМУДАРЁ туманида келгуси йил ҳосилининг баракали бўлишини таъминлаш мақсадида ҳар йили баҳорги экиш мавсумида келгуси йилги деҳқончилик учун замин яратилади ва сифатли уруғлик тайёрлаш чоралари кўрилади.

2024-йил ҳосили учун давлат стандартлари талабига жавоб берадиган сифатли улуғлик чигит тайёрлаш ишларининг бориши Агроинспекциянинг АМУДАРЁ тумани бўлими томонидан назорат қилиб борилмоқда.

АМУДАРЁ туманида уруғлик учун қабул қилинган пахта хом ашёси ва уни сақлаш бўйича ўтказилган профилактик тадбирлар давомида 2023 йил пахта ҳосилидан кластер корхоналари ҳамда элита уруғчилик хўжаликлари томонидан жами 2 минг 432.6 тонна уруғлик пахта жамғарилган.

Шунингдек, туманда 1та уруғлик чигитни тайёрлаш цехи мавжуд бўлиб, бугунги кунда режадаги 905 тонна уруғлик чигит саралаш, дорилаш ва қадоқлаш ишлари якунига етиб, қонунчиликда белгиланган талабларга мос равишда сифатли сақланмоқда.

Фермер хўжаликларини юқори сифатли уруғлик чигит билан таъминлаш мақсадида Агроинспекциянинг туман бўлими ходимлари ва Инспекция қошидаги Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази Давлат муассасасининг Қорақалпоғистон Республикаси филиали томонидан уруғлик тайёрловчи корхонага малакали мутахассис бириктирилган.

Назорат тадбирлари давомида сифатли уруғлик чигит тайёрлаш ишларининг қонунчиликда белгиланган талабларга риоя қилиниши юзасидан Агроинспекция томонидан амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.

Хусусан, уруғлик чигитни саралаш, сақлаш шароитлари доимий назорат қилиниб, намлик даражаси аниқлаштирилишига алоҳида эътибор қаратаётганига аҳамият берилди. Унга кўра, уруғлик сақланаётган омборхона ҳарорати мунтазам бир хил, мўътадил ҳолатда бўлишига эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, 2024 йил ҳосили учун экилган уруғлик ғалла майдонларида агротехник тадбирларнинг ўз вақтида сифатли ўтказилиши ҳам Агроинспекциянинг АМУДАРЁ тумани бўлими томонидан назорат қилиб борилмоқда.

Туманда 588 гектар майдонда 2024 йил ҳосили учун уруғлик ғалла етиштириш бўйича 22та қишлоқ хўжалиги субъектлари танлов ғолиби бўлишган. Ҳозирги кунда ушбу майдонларга гўнг чиқариш, хандақ қазиш ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш ишлари олиб борилмоқда.

Айни пайтда тумандаги уруғлик ғалла етиштиришга масъул бўлган “Собир Ешчан” фермер хўжалиги томонидан 35 гектар уруғлик ғалла агротехника қоидаларига мувофиқ парвариш қилинмоқда.

"Ўзагроинспекция"нинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси

 

Text to speech