Андижон вилоятининг миришкор деҳқонлари 2022 йил ғалла ҳосили учун 2021 йил куздан бошлаб шу кунгача 76 минг гектар ғалла майдонларида 608 минг тонна ёки ҳар гектаридан ўртача 80 центнердан юксак ғалла хирмонини яратиш мақсадида шижоат билан меҳнат қилмоқдалар.
Албатта, бундай улкан ҳосилни ўз вақтида нес-нобуд қилмай, сифатли йиғиб териб олиш вилоятдаги мавжуд юқори унумли 257 дона комбайнлар ёрдамида амалга оширилади.
Хўш, жойларда ўрим йиғим мавсумига тайёргарлик қандай олиб борилмоқда?
Ўрганишлар давомида, вилоятдаги мавжуд барча русумдаги дон ўриш комбайнларида марказлашган ҳолда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Бугунги кунда 217 дона ёки 84% комбайнларда таъмирлаш ишлари якунланган ва 40 дона ёки 16% комбайнларни таъмирлаш ишлари жадал давом этмоқда.
Туманларда ишчи гуруҳ аъзолари томонидан жорий йилнинг апрель-май ойларида таъмирлаш ишлари учун 4 млрд 329 млн сўм пул маблағ ўзлаштирилган бўлиб, вилоятнинг Марҳамат, Шахрихон ва Пахтаобод туманларида бир сўм ҳам ўзлаштирилмаганлиги аниқланди.
Шунингдек, таъмирланмасдан турган комбайнлардан, Хўжаобод туманида 2 дона (фермер хўжалигига қарашли) Класс комбайнлари ҳеч қандай ҳужжатларсиз Пахтаобод туманига сотилган ва таъмирлаш ишларига киришилмаган.
Бундан ташқари, Улугнор тумани Агросервис МТП МЧЖга қарашли 6 дона комбайнлар, Қўрғонтепа Агросервис МТП МЧЖга қарашли 6 дона комбайнлар, Хўжаобод тумани Агросервис МТП МЧЖга қарашли 1 дона комбайн ва Пахтаобод Агросервис МТП МЧЖга қарашли 6 дона комбайнларни таъмирлаш ишларига пул маблағлари ўзлаштирилмаганлиги сабаб қилиниб, шундай ташлаб қўйилган.
Мавсумга тайёрланган комбайнларни синовдан ўтказиш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, вилоятнинг Избоскан туманидаги 25 дона юқори унумли дон ўриш комбайнлари тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, бугунги кунда зарур синовдан ўтказилмоқда.
Комбайнларни таъмирлаш учун талаб этиладиган пул маблағларини ўзлаштирилиши ва таъмирланиши бўйича Агроинспекция томонидан кунлик назоратга олинган ва амалга оширилган ишлар юзасидан маълумотлар тақдим этиб борилади
А.Комилов, “Ўзагроинспекция” Андижон вилоят бошқармасининг “Техникалар ҳолати ва агротехник тадбирларни назорат қилиш бўлими” бош инспектори
У.Абдуллаев, “Ўзагроинспекция” Андижон вилоят бошқармасининг “Жамоатчилик билан алоқалар” бўлими бош инспектори