Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 июлдаги 575-сонли қарори билан тасдиқланган Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси низомида берилган ваколатлардан келиб чиқиб, Андижон вилоятида 2021 йил ҳосилидан уруғлик пахта етиштириш, уруғлик учун экилган майдонларда ғўза навларининг жойлаштирилиши ҳамда вегетация даврида олиб бориладиган агротехник тадбирлар Инспекциянинг вилоят бошқармаси томонидан назоратга олинган.
Жумладан, жорий йил ҳосилидан уруғлик пахта етиштириш ҳуқуқини қўлга киритиш мақсадида вилоятда 582 нафар талабгорлардан аризалар қабул қилиниб, танловлар натижасида 456 нафари ғолиб деб топилди.
Чигит экиш мавсумида мазкур 456 нафар фермер хўжаликларининг 23,5 минг гектар майдонида вилоят учун районлаштирилган Андижон-35, Андижон-36, Андижон-37, Султон, ЎзПИТИ-202 навлари билан бирга истиқболли ЎзПИТИ-201 ва ЎзПИТИ-203 навларининг элита ҳамда биринчи авлодига мансуб уруғлик чигити экилди. Ушбу майдонларнинг 10,6 минг гектарида уруғлик пахта териб олиниши белгиланган бўлиб, шундан 3 минг гектари элита, 7,6 минг гектари биринчи авлодли уруғликни ташкил қилади.
Уруғлик пахта майдонларида туманлар кесимидаги нав жойлаштирилиши таҳлил қилинганда вилоятнинг Андижон, Булоқбоши, Бўстон, Хўжаобод туманларида Андижон-35 нави, Балиқчи, Жалақудуқ ва Избоскан туманларида Андижон-35 ва Андижон-36 навлари, Мархамат ва Пахтаобод туманларида Андижон-36 ва Андижон-37 навлари, Олтинкўл туманида Андижон-37 нави, Қўрғонтепа туманида Андижон-36 нави жойлаштирилгани аниқланди.
Шунингдек, Шаҳрихон туманида Давлат реестрига киритилган 3 та (Андижон-35, Султон ва ЎзПИТИ-202) ғўза навини жойлаштириш ҳолати аниқланган ва ҳолат юзасидан белгиланган тартибда чора кўриш ишлари олиб борилмоқда.
Бугунги кунда уруғлик пахта майдонларининг 6143 гектари 3-4 чинбарг, 4449 гектари 5-6 чинбарг фазасида бўлиб, 8512 гектар ёки 80 фоиз майдонларда чуқур юмшатиш, 5715 гектар ёки 54 фоиз майдонларда биринчи марта суспензиялаш тадбирлари ўтказилган бўлса, 564 гектар ёки 5,4 фоиз майдонларда минерал ўғитлар билан биринчи озиқлантириш тадбирлари ўтказилган.
Вилоятнинг аксарият туманларидаги уруғлик пахта майдонларида ғўза навларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 апрелдаги ПҚ-3683-сонли қарори талабларидан келиб чиқиб жойлаштирилиши, келгусида генетик соф, юқори маҳсулдор ва толасининг сифати жаҳон андозалари талабидаги уруғликлар етиштиришга замин яратади.
Инспекция томонидан уруғлик пахта майдонларида олиб борилаётган агротехник тадбирларни мунтазам мониторинг қилиб бориш давом эттирилмоқда.
Н.Исмаилов, Уруғлик пахта хом ашёси чигити етиштирилишини назорат қилиш бўлими бошлиғи,
А.Мамасолиев, Инспекциянинг Андижон вилоят бошқармаси, Қишлоқ хўжалик экинлари уруғлари етиштирилиши ва таъминотини назорат қилиш шўъбаси катта инспектори