Ру Ўз O`z En

Андижонда ғалла парваришида маҳаллий ўғит жамғариш қай аҳволда?

13 Январь 2021 2452

Андижон вилояти ғаллачилик соҳасида ҳеч муболағасиз ўз мактабини яратган вилоятдир. Бундай дейишимизга асос эса вилоятнинг қўли қадоқ деҳқонлари томонидан ўтган 2020 йилда ҳар гектар ғалла майдонидан 67.9 центнер ёки 517 минг 398 тонна ҳосил олишга эришилганидир. Ушбу натижага ўз-ўзидан келиб бўлмайди.

Ғаллани оптимал муддатларда экиб якунлаш, уни суғориб бир текс ундириб олиш, қиш мавсумига тўлиқ туплатиб киритиш энг асосий омиллардан бири ҳисобланади. Аммо уни кейинги парваришида минерал ўғитлар билан озиқлантириш, суспензиялаш, зараркунандаларга ўз вақтида ишлов беришдан ташқари маҳаллий ўғит билан озиқлантириш, уни пайҳондан сақлаш ҳам инкор қилиб бўлмас чора-тадбирлардан ҳисобланади.

Рақамларга назар ташласак, вилоят бўйича 76 минг гектар майдонга кузги бошоқли дон экилиб бўлиб, бу майдонлар ўтган йилнинг 30 октябрида тўлиқ якунланиб суғорилди. Шу кунгача ғалла майдонларининг 67 минг 536 гектари туплаш, 6 минг 462 гектарида 3-4 барг ва 202 минг гектарида 1-2 барг фазасида ривожланмоқда.

Ғалла ҳосилидан юқори ҳосил олиш учун бошоқли дон етиштиришда ҳудудларнинг тупроқ иқлим шароитидан келиб чиқиб зарур миқдордаги фосфорли ва калийли минерал ўғитлар тўлиқ етказиб берилди ва озиқлантирилди. Шу кунларда ғалла парвариши бўйича маҳаллий ўғит жамғариш, ҳар 5 гектар ғалла экилган майдонларга шарбат ўра ковлаш пайхонгарчиликка йўл қўймаслик учун четан билан тўсиш ишлари олиб борилмоқда.

Бироқ, вилоятда январь ойи давомида ҳар-бир гектар ғалла майдонига 3 тоннадан жами 228 минг тонна маҳаллий ўғит жамғариш белгиланган бўлиб, бу ишга 200 та ағдарма юк ташиш уловлари, 360 та тиркамали тракторлар, 56 та юклагич техникалар жалб қилинган бўлсада, шу вақтга қадар маҳаллий ўғит жамғариш 49,7 минг тонна ёки 21 фоизга бажарилган холос.

Бир қатор туманлар томонидан етарлича иш ташкил этилмаганлиги сабабли вилоят кўрсаткичлари паст бўлиб қолмоқда.

Жумладан, ушбу кўрсаткич Шаҳрихон ва Улуғнор туманларида 14 фоиз, Бўстон ва Марҳамат туманларида 15 фоиз миқдорида маҳаллий ўғит жамғарилган. Худди шу туманларда шарбат ўра ковлаш ишлари ҳам талаб даражасида ташкил этилмаган.

Мисол учун, биргина Улуғнор тумани Оқ олтин ҳудудидаги “Улуғнорлик Ўткирбек ери”, Ўзбекистон ҳудудидаги “Солияхон ери”, Шаҳрихон ҳудудидаги “Бунёдкор магистрал”, Мингбулоқ ҳудудидаги “Асилбек кумуш ери”, Андижон ҳудудидаги “Бунёдкор магистрал” кластери ва фермер хўжаликлари томонидан маҳаллий ўғитлар етарли даражада жамғарилмаган.

Агроинспекциянинг Андижон вилояти бошқармаси томонидан Ғалла парваришида маҳаллий ўғит жамғариш, шарбат ўра ковлаш, четан тўсиқлар билан ўраш ишларини жойларга чиқиб ўрганиш натижасида 423 та ҳолатда камчиликлар аниқланиб, ушбу камчиликларни бартараф этиш юзасидан 1 минг 130 та огоҳлантириш хати, 35 та тақдимнома ва 27 та ёзма кўрсатмалар берилди.

Инспекциянинг Андижон вилояти бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан ҳудудларда 2020 йил ҳосили учун парвариш қилинаётган ғалла майдонларида агротехник тадбирларни ўтказилиши, шу жумладан маҳаллий ўғит жамғариш ишларини бажарилишини доимий назоратга олиниб, аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш чоралари кўриб борилмоқда.

 

У. Абдуллаев, "Ўзагроинспекция" Андижон вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

 

 

 

Text to speech