Ҳар йили 20 майда дунё ҳамжамияти Бутунжаҳон метрология кунини нишонлайди. Парижда 1875 йил 20 майда халқаро дипломатик конференция бўлиб ўтган ва Метрик конвенция имзоланган. Кейинчалик ушбу кун "Бутунжаҳон метрология куни" сифатида нишонланади.
Метрик конвенция бу, метрология бўйича илмий фаолият кўрсатувчи биринчи халқаро келишув ҳисобланади. Конвенцияга мувофиқ халқаро илмий муассаса – Халқаро ўлчов ва тарозилар бюроси (МБМВ) ташкил қилиниб, унинг асосида халқаро ўлчашлар тизими ишлайдиган метрик ўлчовлар тизими, сўнг эса SI Халқаро бирликлар тизими амалга киритилган. Ҳозирги вақтда Метрик конвенцияга 57 та давлат аъзо ҳисобланади.
Бюро ҳар йили Қонунлаштирувчи метрология халқаро ташкилоти билан биргаликда бир мавзу, бир шиор белгилаб иш юритади. Бу йилги мавзу “Аниқ ўлчашлар –сифат ва хавфсизлик гаровидир” деб қабул қилинди. Ушбу шиор бевосита метрология соҳасини ривожлантириш мақсадида танланган бўлиб, унда белгиланган вазифаларни амалга ошириш масалаларига қаратилган.
Метрология – Ўлчашлар ҳақидаги фандир. Метрология инсон цивилизацияси каби, қадимий бўлишига қарамасдан, у доим ўзгаришда давом этади. Унинг асосий тушунчалари; ўлчаш, ўлчаш воситалари, ўлчовлар бажаришнинг услубларидир. Ўлчашлар илми, янада кенгайаётган метрология фанидаги ютуқ ва янгиликлар, ишлаб чиқариш, ҳалқаро савдо муносабатлари, табиатни муҳофаза қилиш ва ҳаёт фаровонлигини оширишда асосий ролни эгаллайди.
Юртимизда, мамлакатимиз раҳбарининг метрология тизимига бўлган эътибори натижасида 2018 –2022 йиллар давомида давлат бюджетидан 21 дона эталон харид қилиш учун 5,8 миллион доллар ажратилиб, миллий эталонлар базасини 33 тага етказиш режалаштирилди. Айни пайтда республикада юқори аниқликдаги ўлчашларнинг кузатилувчанлигини таъминлаш мақсадида миллий эталонлар сони 9 тадан 21 тага етказилиб, 10 та калибрлаш лабораториялари ташкил этилган. Мазкур лабораторияларда ўлчаш воситалари калибрлашдан ўтказилади, яъни ўлчашларнинг ҳақиқий қийматини аниқлаш учун улар эталон билан солиштирилади.
Ўзбекистон миллий метрология институти томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 28 апрелдаги “2019-2023 йиллар даври учун ўлчашлар бирлигини таъминлаш миллий тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги 440-сон қарори ижросини таъминлаш юзасидан республикада ўлчаш воситаларини калибрлаш хизматини жорий этиш бўйича режа ишлаб чиқилди.
Маълумки, Ўзбекистон миллий метрология институти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 апрелдаги “Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2935-сонли Қарорига асосан ташкил топган. Шу қисқа муддат давомида институт томонидан аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатиб келинаётган турли хилдаги хизматлар орқали самарали фаолият йўлга қўйилган.
“Метрология тўғрисида”ги илк Қонун 1993 йилда қабул қилинган бўлиб, бугунги кунда тез-тез тилга олинадиган техника-технология асрида ушбу ҳужжат метрология бўйича халқаро талабларга мос келмаслиги натижасида миллий аккредитация тизимининг халқаро даражада тан олинишига имкон бермаяпти ҳамда саноатнинг барча тармоқларида юқори аниқликка эришиш йўлида тўсиқ бўлиб қолди.
Жумладан саноат тармоқларини калибрлаш ҳамда ижтимоий соҳада метрологик таъминот бўйича тизим мавжуд эмаслиги соҳада қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда.
2020 йил 7 апрелда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Метрология тўғрисида”ги Қонун эса юқорида санаб ўтилган камчиликларни бартараф этиш ва мамлакатимизда метрология соҳасининг қонунчилик асосларини янада мустаҳкамлаш, уни ҳозирги замон талаблари асосида ривожлантириш ва бу борада истиқболдаги устувор вазифани белгилашга қаратилган.
Хусусан, янги таҳрирдаги қонунда ривожланган давлатларнинг соҳада эришган ижобий натижалари инобатга олинган ҳолда, тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Янги таҳрирдаги қонунда метрология соҳасида фаолият олиб борувчи субъектлар сифатида Вазирлар Маҳкамаси, давлат органлари ва юридик шахслар метрология хизматларининг ушбу соҳадаги ваколатлари мустаҳкамланди, ўлчаш воситаларини калибрлаш бўйича давлат-хусусий шериклик асосида метрология хизматлари ташкил этилиши мумкинлиги белгиланган. Метрологик текширувни амалга оширишда фойдаланиладиган ўлчаш воситаларини қиёслаш, калибрлаш, ўлчашларни бажариш ва синов воситаларини аттестация қилиш усуллари киритилган. Шунингдек, мазкур Қонунга “қадоқланган товар” термини киритилиб, давлат метрология текшируви ва назорати “қадоқланган товарлар” деб номланган янги объект билан, шунингдек қадоқлаш ва сотишда уларнинг миқдори устидан давлат метрология назоратини тартибга соладиган янги модда билан тўлдирилган.
Агроинспекциянинг Меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология бўлими