“Ўзагроинспекция”нинг Навоий вилоят бошқармаси қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланишни назорат қилиш шўбаси томонидан назорат тадбирлари давом этмоқда.
Жумладан, Навбаҳор туман ҳокимининг 2019-йил 19-февралдаги қ-779-сонли қарорига асосан, “Қоражон” МФЙ ҳудуди “Кесгантерак” массиви қишлоқ хўжалиги ердан фойдаланиш харитаси 364қ - контурдан жами 5 гектар суғориладиган экин ери 49 йил муддатга уруғчилик йўналишида “Сара уруғ-2020” фермер хўжалигига ижарага ажратиб берилган.
“Сара уруғ-2020” фермер хўжалиги фуқаро Усмонов Фарход бошчилигида ташкил этилган бўлиб, фермер хўжалигининг асосий йўналиши уруғчилик бўлсада, 2020-2021-йиллар давомида тўлиқ беда экиб, уруғларни ўзини яшаш хонадонидаги омборда сақлаб, сўнгра сотганлиги, 2022-2023-йилларда эса ғалла экиб, экилган ғалладан дон топшириш бўйича шартнома тузмасдан, уруғчилик етиштириш учун ғалла майдонини даврий апробациядан ўтказмасдан, экинларни уруғини экиш бўйича йиғиштириб олиш ва топшириш учун мувофиқлик сертификати олмасдан, уруғлик ғалла бўйича туман ишчи гуруҳ томонидан апробация ўтказилганлиги тўғрисида далолатнома тузмасдан, ғаллани бозорга сотганлиги аниқланди.
Шунингдек, 2024-йил ҳосили учун Фермер хўжалиги томонидан 2.43 гектар ер майдонига ғалла, қолган 2.57 гектар ерга беда ўсимлигини экканлиги ҳамда дала четидаги ариқлар қазилмаганлиги маълум бўлди.
“Сара уруғ-2020” фермер хўжалиги раиси Ф.Усмонов тушунтириш хатида 2022-2023-йилларда 5 гектар майдонга ғалла экиб, экилган ғалладан дон топшириш бўйича ҳеч қайси корхона ёкин кластерлар билан шартнома тузмасдан ўз шахсий манфаати йўлида фойдаланиб келаётганлигини билдирган. Бундан ташқари “Уруғчилик тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасидаги уруғчилик субъектларининг мажбуриятларига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021-йил 12-октябрьдаги 601-сонли қарори Низомининг 1-3-иловаларини қўпол равишда бузиб, қонун ва қарорларга зид равишда ердан фойдаланиб келаётганлиги маълум бўлди.
Юқоридагиларга асосан, “Сара уруғ-2020” фермер хўжалиги томонидан Ўзбекистон Республикаси “Ер кодекси”нинг 36-. 40-. 85- моддаларида назарда тутилган ер тўғрисидаги қонунбузарлик ҳолатлари аниқланганлиги сабабли ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқини тугатиш бўйича Навбаҳор туман ҳокимлиги томонидан Судга даъво аризаси киритиш бўйича тақдимнома киритилди.
З.Хўжақулов, Инспекциянинг вилоят бошқармаси бош мутахассиси