Ру Ўз O`z En

“АРБИТРАЖ ГУРУҲЛАРИ”ГА БИРИКТИРИЛГАН АГРОИНСПЕКЦИЯ ХОДИМЛАРИНИНГ БИЛИМИ СИНОВДАН ЎТКАЗИЛДИ

22 Сентябрь 2021 1606

Маълумки, вилоят ва туманларда ташкил этилган “Арбитраж гуруҳлари”нинг асосий вазифаси пахта қабул қилиш масканида 2021 йил пахта ҳосилини сифат кўрсаткичлари ва кондицион вазни бўйича қабул қилиб олишда лаборатория таҳлиллари шаффофлигини таъминлаш ҳисобланади. Бу эса анча мураккаб ва жиддий жараён бўлиб, гуруҳга бириктирилган ҳар бир вакилдан ҳам назарий ва ҳам амалий билимни талаб этади. Чунки фермер ва пахта қабул қилувчи томон “Арбитраж гуруҳлари” вакиллари иштирокидаги таҳлилларидан норози бўлмаслиги зарур.

Шу мақсадда Навоий вилояти Кармана туманидаги “Бахт текстиль” МЧЖга қарашли Алишер Навоий номли пахта қабул қилиш масканида Инспекциянинг вилоят бошқармаси бошлиғи Абдуразоқ Нарзиев ташаббуси билан бошқарма бошлиғи ўринбосари Фарҳод Убайдуллаев бошчилигида вилоят ва туманлардаги агроинспекция ходимлари бириктирилган “Арбитраж гуруҳлари” учун навбатдаги ўқув амалий семинар тадбири ташкил этилди. Унда масъул вакиллар билан бирга Инспекция вилоят бошқармаси ҳамда Хатирчи, Қизилтепа, Кармана, Навбаҳор, Конимех туман бўлимларининг пахта хомашёси, дон, уруғлар ва уларни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланишни ҳамда қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилиши ва таъминотини назорат қилиш бўлимлари ходимлари иштирок этди.

Семинарнинг диққатга сазовор жиҳати, ўтган галдан фарқли ўлароқ, “Арбитраж гуруҳлари”га бириктирилган Инспекция вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари ходимларининг ҳар бири назарий билимларини амалиётда мустақил синаб кўриш имконига эга бўлишди. Жумладан, улар лабораториядаги пахта намлиги ва ифлослигини аниқлашда лаборатория жиҳозлари ва ўлчов воситаларидан ўзлари фойдаланиб, таҳлиллар ўтказишди. Бу борада уларга Испекция вилоят бошқармаси бош инспектори Улуғбек Юсупов ва маскан лаборатория мудири Рисолат Давлатова томонидан зарур тавсиялар берилди.

Бундан ташқари, семинар давомида агроинспекция туман бўлимлари ходимлари учун тест синовлари ҳам ташкил этилиб, уларнинг назарий ва амалий билими қай даражада эканлиги ўрганилди.

-   Бугунги тадбирда тажриба ва малакамизни синовдан ўтказиш имконияти яратилганидан хурсанд бўлдик, - дейди семинар иштирокчиси, Инспекция Қизилтепа туман бўлими катта инспектори Мирпўлат Мардиев. – Чунки синов жараёнида айрим билмаганларимизни яна ўргандик, ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олдик. Тест синовидан муваффақиятли ўтдим. Туман “Арбитраж гуруҳи” вакили сифатида мавсум давомида пахта қабул қилиш жараёнларида чегирмаларнинг адолатли қўлланиши ҳамда лаборатория таҳлилларини шаффоф ўтишига ҳисса қўшаман, деган умиддаман.

Семинар якунида тест синовлари натижалари таҳлил қилиниб, айрим камчиликларга йўл қўйган ходимларга масъул мутахассислар томонидан зарур маслаҳат ва тавсиялар берилди.

 

“Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

 

Text to speech