Тошкент вилоятида 2021 йил пахта мавсумида 8 та пахтачилик туманларида жами 30 та пахта қабул қилиш масканларида пахта хом ашёсини қабул қилиш ишлари қизғин бошлаб юборилган.
Бугунги кунга қадар вилоят туманларидаги мавжуд 8 та пахта тўқимачилик кластерлари қошидаги пахта тозалаш корхоналарига қарашли 30 та пахта қабул қилиш масканларида 2021 йил пахта ҳосилидан 245 350 тонна мўл-кўл ҳосил олиш кўзда тутилган.
Жорий йилги пахта ҳосилини уюшқоқлик билан нест-нобуд қилмасдан ўз вақтида ва сифатли йиғиб-териб олиш бўйича, Инспекция олдига бир қатор вазифалар қўйилган бўлиб, вилоят ва туманларда ҳокимлик томонидан тасдиқланган пахта тўқимачилик кластерлари қошидаги пахта тозалаш корхоналари ҳамда пахта қабул қилиш масканларидаги лабораторияларда фермер хўжаликлар томонидан топширилаётган пахта хом-ашёсини қабул қилиш, миқдори ва сифатини аниқлашда вужудга келадиган муаммоларни ҳал этиш бўйича инспекция мутахассисларидан иборат Арбитраж гуруҳлари фаолият олиб бормоқда.
Бугунга қадар Тошкент вилоятида мавсум бошидан арбитраж гуруҳларига келиб тушган 57 та низоли ҳолатдан 55 таси фермер хўжалиги фойдасига ва 2 таси корхона фойдасига ижобий ҳал этилди.
Жумладан, Бекобод туманида 16 та, Бўка туманида 7 та, Оққўрғон туманида 8 та, Пискент туманида 6 та, Чиноз туманида 13 та, Қуйичирчиқ туманида 2 та, Юқоричирчиқ туманида 5 та низоли ҳолат бўйича кластер корхоналари ва фермер хўжаликларидан туман арбитраж гуруҳларига ёзма ва оғзки мурожаатлар келиб тушган.
Мурожаатларнинг аксариятида қабул қилинаётган пахта хом-ашёсининг намлик ва ифлослик кўрсаткичлари бўйича Арбитраж гуруҳи томонидан қайта лаборатория таҳлилларини ўтказилиб, адолатли ечим топиш сўралган ва барча мурожаатлар ижобий ҳал этилиб, шаффофлик таъминлаб келинмоқда.
Бунинг натижаси ўлароқ, шу кунгача қабул қилинган пахта хомашёсининг 76% дан кўпроқ қисмини 1-нав пахта ташкил этмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Инспекциянинг Тошкент вилояти бошқармаси ва туман ходимлари томонидан 2021 йил пахта ҳосилини ёғин-сочин кунларга қолдирмай, нес-нобуд қилмасдан йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш ҳамда мавсум давомида юзага келадиган томонлар ўртасидаги низоларни адолатли ҳал этиш бўйича кунлик назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
С. Садиков, Инспекциянинг Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи
Ш.Шайманов, Катта инспектор