Ру Ўз O`z En

“АРБИТРАЖ ГУРУҲ”ЛАРИ: ҲАҚҚОНИЙЛИК ВА ШАФФОФЛИК БОШ МЕЗОН БЎЛИШИ ЛОЗИМ

16 Сентябрь 2021 1565

Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги “Навбаҳор текстиль” масъулияти чекланган жамиятига қарашли  пахта қабул қилиш масканида 2021 йил пахта ҳосилини сифат кўрсаткичлари ва кондицион вазни бўйича қабул қилиб олишда вилоят ва туман арбитраж гуруҳларининг вазифалари ҳамда лаборатория таҳлилларини шаффофлигини таъминлаш юзасидан ўқув амалий семинари бўлиб ўтди.

Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси бошлиғи Абдуразоқ Нарзиев, бошқарманинг тегишли таркибий тармоқ инспекторлари, туман бўлим бошлиқлари, катта инспекторлари, шунингдек, “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази” ДУК вилоят ҳудудий филиали раҳбари ва ходимлари, “Навбаҳор текстиль” ҳамда “Бахт текстиль” МЧЖ мутахассислари ҳамда барча масъул вакиллар иштирок этишди.

Семинарда жорий йилги пахта ҳосилини уюшқоқлик билан нес-нобуд қилмасдан ўз вақтида ва сифатли йиғиб-териб олиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган вазифалар тўғрисида сўз борди. Хусусан, 2021 йил пахта ҳосилини қабул қилишда пахта қабул қилиш масканлари томонидан фермер хўжаликларидан қабул қилиб олинаётган пахта хом-ашёсининг сифати, нави ва намлиги бўйича лаборатория текширувлари тўғри ўтказилиши, уруғлик етиштирувчи хўжаликларда етиштирилган уруғлик пахтани белгиланган давлат стандартлари асосида қабул қилишининг назорати тўғрисида гапирилди. Айни жараёнда қатор дахлдор ташкилотлар вакилларидан иборат “Ўзагроинспекциянинг туман бўлимлари раҳбарлигида тузилган “Арбитраж гуруҳи”нинг зиммасига катта масъулият юкланиши алоҳида таъкидланди. 

- “Арбитраж гуруҳ”лари аъзолари 2021 йил пахта ҳосилини қабул қилишда пахта қабул қилиш масканлари томонидан фермер хўжаликларидан қабул қилиб олинаётган пахта хом-ашёсининг сифати, нави ва намлиги бўйича лаборатория текширувлари тўғри ўтказилишини таъминлашлари лозим бўлади,- дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси пахта хомашёси, дон, уруғлар ва уларни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими бош инспектори Нозим Раҳматуллаев. – Семинарда пахтани қабул қилиш ва ундан намуна олиш, ҳосил сифатини аниқлаш ҳамда ушбу жараёнларда вужудга келиши мумкин бўлган муаммоли вазиятларни бартараф этиш бўйича йиғилганларга батафсил тушунча берилди. Бу “Арбитраж гуруҳи” аъзоларининг амалий билим ва малакасини ошириш билан бирга фермер ва пахта қабул қилувчи корхона ўртасидаги муаммоли вазиятларни оқилона ҳамда шаффофлик билан ҳал этилишида муҳим аҳамият касб этади.

- Мазкур ўқув-амалий семинарда лаборатория таҳлилларини амалда қўллаганимиз бу борадаги тажрибамиз ошишига хизмат қилди, - дейди Инспекциянинг Кармана туман бўлими катта инспектори Асқар Мирзоев. – Ҳам назарий, ҳам амалий билимга эга бўлдик. Бу эса жойлардаги барча “Арбитраж гуруҳ”ларининг фаолияти ҳаққоний ва тўғри бўлишини таъминлайди.

Ўқув амалий семинари якунида иштирокчиларга 2021 йил пахта ҳосилини қабул қилишда қимматбаҳо хомашёнинг сифати ва миқдорини аниқлаш, низоли ҳолатларни кўриб чиқиш бўйича пахта етиштирувчи фермер хўжаликлари, пахта тўқимачилик кластерлари тайёрлов масканлари ходимлари ҳамда “Ўзагроинспекциянинг инспекторларига тавсияларни ўз ичига олган методик қўлланмалар тарқатилди. 

Шунингдек, тадбир иштирокчиларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.

 

Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси матбуот хизмати

Text to speech