Мамлакатимизда асаларичилик қишлоқ хўжалигининг тобора тараққий этиб бораётган муҳим йўналишларидан бири саналади. Президентимизнинг 2017 йил 16 октябрдаги “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳани ривожлантиришнинг янги имкониятларини очиб берди.
Маълумки, асаларичилик тармоғини ривожлантиришда наслли асалариларнинг кўпайтиришнинг аҳамияти жуда катта. Навоий вилоятида ҳам бу борада бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда ҳудудда 900 дан зиёд асаларичилик хўжаликлари фаолият юритаётган бўлиб, уларда 54 мингта асалари оиласи боқилмоқда. Аҳамиятлиси, “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси ходимлари мазкур хўжаликлар фаолиятини назорат қилиб бориб, ўрни келганда уларга муаммоларини ҳал этишда яқиндан кўмак беришмоқда.
Хусусан, Навоий шаҳридаги “Акмал Шифо Асали” наслчилик фермер хўжалигида бугунги кунга келиб 400 қутидан ортиқ асалари парваришланмоқда. Эътирофлиси, бу ерда карпат зотли наслли асаларилар кўпайтирилиб, юқори ҳосил олишга эришилган. Фермер хўжалиги Украина давлатининг Закарпатия вилоятидан “Карпат” зотли она асаларилардан келтириб, наслли асалариларни кўпайтириш ишларини олиб борди, натижада қўшни вилоят асаларичиларини ҳам ҳудди шу маҳсулдор зотли асалари билан таъминлаб келмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси томонидан фермер ва деҳқон хўжаликларининг, шунингдек, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектларнинг соҳадаги тадбиркорлик фаолиятини ҳар томонлама ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари мазкур асаларичилик хўжалиги учун ҳам муаммони ҳал этишда қўл келди.
Жорий йилнинг май ойида “Ўзагроинспеция” вилоят бошқармасига “Акмал Шифо Асали” наслчилик фермер хўжалиги раиси Шерзод Темиров Кармана ва Хатирчи туманларида фаолият юритаётган фермер хўжаликларига етказиб берилган асалари оиласи тўловидан вужудга келган 54 миллион 620 минг сўмлик дебиторлик қарзини ундириб беришни сўраб ёзма мурожаат этган.
Ушбу мурожаат инспекция ходимлари томонидан ўрганилиб, “Акмал Шифо Асали” наслчилик фермер хўжалигига дебиторлик қарзи ундириб берилишида амалий ёрдам берилди.
Бундан ташқари, Навоий вилоят асаларичилар ассоциациясининг жорий йилнинг май ойида “Акмал Шифо Асали” фермер хўжалигининг наслчилик ишларини меъёрида олиб бориши, гулчангбоп ва нектарбоп ўсимликлар экиши учун 10 гектар ерга эҳтиёжи борлиги ва бу бўйича хўжаликка амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб инспекцияга қилган мурожаати ҳам эътибордан четда қолмади.
Инспекцияни чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш инспекторлари томонидан бу масала бўйича Қизилтепа туман ҳокимлигига мурожаат қилиб, асаларичилик хўжалигига юқорида тилга олинган масалаларни ҳал этишда туманда мавжуд заҳира ер майдонларидан 2154, 2165, 1731, 1732қ, 51, 51қ ва 52- контурлар таклиф этилди. Бир сўз билан айтганда, мазкур масала ҳам мурожаатчи фойдасига ижобий ҳал этилишига эришилди.
“Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси