Самарқанд вилоятида 2025 йил ҳосили учун юқори сифатли уруғлик ғалла етиштириш ишлари кенг кўламда ва режали тарзда олиб борилмоқда. Вилоятнинг барча туманларида 324 та фермер хўжалиги ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан жами 8 519 гектар майдонда уруғлик ғалла парвариш қилинмоқда.
Жорий йилда ушбу майдонлардан жами 24 минг тонна юқори авлодли уруғлик дон етиштириш белгиланган. Бу эса келгуси йилларда юқори ҳосилдорликка эришишда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Ҳозирги кунга келиб, барча ҳудудларда баҳорги агротехник тадбирлар, хусусан, минерал ўғитлар билан озиқлантириш ишлари тўлиқ якунланган. Айни пайтда эса барг орқали озиқлантириш, бегона ўтларга (бир йиллик ва кўп йиллик) қарши курашиш, шунингдек, касаллик ва зараркунандаларга қарши кимёвий ишлов бериш ишлари фаол олиб борилмоқда.
«Ўзагроинспекция»нинг вилоят ва туман бўлимлари томонидан уруғлик ғалла майдонларида амалга оширилаётган агротехник тадбирлар устидан мунтазам назорат олиб борилмоқда. Шу билан бирга, фермер хўжаликларига агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш бўйича амалий тавсиялар ва кўрсатмалар бериб келинмоқда.
Мазкур ишлар вилоятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ҳосилдорликни ошириш ва қишлоқ хўжалигида барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси