Ғўза майдонларида тўпланган ҳосил миқдорини чамалаш (апробация) ни ўтказишдан мақсад, бугунги кунгача ғўза парваришида олиб борилган агротехник тадбирларнинг самарасини аниқлаш ҳамда август ойида амалга ошириладиган тадбирлар кўламини белгилашдан иборат.
Кутилаётган дастлабки ҳосилни аниқлаш (чамалаш) жараёнларини ўтказиш тадбири ғўза майдонларининг экиш схемаларидан келиб чиқиб, амалга оширилади. Ўртача ҳосил элементлари сонини аниқлашда дала контурининг катта-кичиклигига қараб, диагонал бўйлаб 4 та жойдан намуналар танлаб олинади.
Биринчи ҳисобга олинадиган намунани қаторни бошланишидан ёки дала четидан эмас, балки даланинг 20-30 метр ичкари қисмидан олиш лозим бўлади. Даланинг диагонали бўйлаб 4 та жойдан олинган намуналарнинг ўртача кўрсаткичи чиқарилиб, ҳар 1 гектар майдонда неча дона кўсак шаклланганлиги аниқланади.
Шунингдек, ғўза навлари биологиясига кўра, Бухоро навлари экилган майдонларда 1 дона кўсакдаги пахтанинг оғирлигини ўртача 3,5 грамм, бошқа ғўза навларида ўртача 3 грамм ва ингичка толали ғўза навларида ўртача 2,5 грамм меъёрда ҳисобга олинади.
Масалан, “Султон” нави экилган 1 гектар майдонда ўртача 730 минг дона кўсак шаклланган бўлса, август ойида камида яна 450-500 минг дона кўсак олиш бўйича ишлашимизга тўғри келади. Санаб чиқилган оқ ва қизил гул ҳамда шона сони август ойида қўшимча кўсак шаклланиши башоратини беради.
Ғўзада тўпланган ҳосилни чамалаш ёки аниқлаш тадбирини ўтказиш тартиби қуйидагича амалга оширилади.
Ҳосилни чамалаш ишлари жойларда бевосита пахтачилик фермер хўжаликлари ёки кластерларнинг масъул ходимлари, агрономлари томонидан амалга оширилади. Бунинг учун, Инспекциянинг туманлар бўлимлари инспекторлари ҳудудларни бўлиб олиб, “қўлланма” ва “намунадаги жадвал”ни ҳар бир фермер ва кластер корхонаси масъул ходимига шахсан етказиб, ўтказиш тартиби бўйича тушунча беришади. Пахтачилик фермер хўжаликлари ва кластерлар раҳбарлари, ушбу тадбирга масъул ходимлари, агрономларни жалб этиб, юқорида айтиб ўтилган қоидаларга амал қилган ҳолда ғўза майдонларида чамалаш ишларини ўтказишмоқда.
Маълумот ўрнида: Жорий йилда вилоятда 75 минг 356 гектар ерга чигит экилган бўлиб, 2021 йилнинг 28 июль ҳолатига кўра, 12 минг 950 гектар ер майдонидаги ғўзаларда 11-12 та кўсак мавжуд. Бир кунда 11 минг 255 нафар ишчилар билан 2 минг 364 гектар майдондаги ғўзаларни чилпиш ишлари амалга оширилмоқда.
Бектош Раҳмонқулов
Агроинспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси
катта инспектори