Ру Ўз O`z En

Биолабораторияларнинг самарали фаолияти -ҳосилдорликни оширишда муҳим қадам

10 Май 2021 3727

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда юқори иқтисодий самарадорликка эришиш ва деҳқончилик маданиятини ошириш учун қатор агротехник тадбирларни, жумладан ўсимликларни зараркунанда ҳамда касалликлардан ҳимоя қилишни илмий асосланган ҳолда ўтказишни талаб этади.

Қишлоқ хўжалиги экинларини зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилишда биологик усулнинг аҳамияти беқиёс. Бу усул табиатдаги кушандалардан унумли фойдаланиш (қириб юбормаслик, экинлар орасига энтомофагларни жалб қилувчи ўсимликлар экиш), трихограмма, бракон ва олтинкўз каби энтомофагларни биолабораторияларда кўпайтириб, далага мавсумий чиқариш ҳамда микроорганизмлар асосида яратилган биопрепаратлар қўллашга асосланган.

Мамлакатимиз олимлари томонидан ғўзани биологик усулда ҳимоя қилишнинг иқтисодий, биологик ва экологик афзалликлари билан ажралиб турувчи тизими яратилган.

Аммо, айрим биолабораторияларда биомаҳсулотларни кўпайтиришда йўл қўйилаётган камчиликлар, уларнинг сифатига эътибор берилмаслиги, далага тарқатишдаги хатоликлар натижасида бу усулдан самарасиз фойдаланиш ҳолатлари учраб турибди. Хусусан, далага тарқатилган биомаҳсулотларнинг натижаси кўринмаётганининг асосий сабабларидан бири, жойларда фойдали ҳашаротларнинг авлодини янгилаш ишларига эътибор берилмаётганидир. Биолабораторияларда кўпайтирилаётган биомаҳсулотларнинг маҳсулдорлигини ошириш, сифатини яхшилаш ва зараркунандаларга қарши самарали таъсир кўрсатишини таъминлаш учун биомаҳсулотлар авлодини янгилаш муҳим аҳамиятга эга.

Қорақалпоғистон Республикасида 2021 йил ҳосили учун экилган қишлоқ хўжалиги экинларида биологик усулни кенг қўллаш мақсадида бугунги кунда туманларда 66 та биолабораториялар фаолият кўрсатмоқда. Ушбу биолабораторияларда 760 кг Трихограмма, 350 млн. дона бракон, 398 млн. дона олтинкўз биомаҳсулотлари кўпайтирилиши режа қилинган. Қиш мавсумида биолаборатория хоналарини иситиш, биомаҳсулотлар кўпайтириш учун оптимал ҳароратни ушлаб туриш, кўпайтирилаётган ва диапаузага қўйилган биомаҳсулотларни қишдан беталофат олиб чиқиш, озуқа ҳамда иситиш маҳсулотлари захирасини яратиш каби талабларни ўз вақтида амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга. Мазкур талабларга қай даражада риоя этилаётганини ўрганиш мақсадида Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси Меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология бўлими томонидан тизимли мониторинг назорат тадбирлари амалга оширилиб, мавжуд камчиликлар бартараф қилиниши таъминланмоқда.

Жумладан биомаҳсулотлар кўпайтириш учун энг асосий озуқа маҳсулотлари захирасини яратиш, қишлоқ хўжалиги экинларининг зараркунандаларига қарши биологик усулда курашишга пухта тайёргарлик кўришни таъминлаш учун тегишли ташкилот ва биолабораторияларга амалий ёрдамлар, кўрсатмалар ва тавфсиялар берилди. 

Шунингдек Меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология бўлими томонидан Тахиятош, Шўманай ва Қўнғирот туманларида фаолият юритаётган биолабораторияларда ўтказилган текширувда ўлчов ва синов асбоб-ускуналарини давлат қиёсловидан ўтказмаган ҳолда фойдаланиб келаётганлиги ҳолатлари аниқланиб, инспекция ваколатлари доирасида 10 нафар биолаборатория раҳбарларига нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли бандларига асосан ҳужжатлар расмийлаштирилиб,  белгиланган тартибда жиноий судларга юборилди.

 

Қозиев Акбар Сапарбоевич, Меъёрий ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, сертификатлаш ва метрология бўлими бош инспектори

 

Text to speech