Ру Ўз O`z En

Биргина туманда сувдан оқилона фойдаланиш устидан ўтказилган назорат тадбирларида 85 та қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган

22 Июнь 2021 1843

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишни назорат қилиш соҳасида Тўрақўрғон туманида Инспекция томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021-2023-йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ 5005-сонли Қарорининг 9-бандида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясига бир қатор масъул ташкилот ва идоралар билан биргаликда сув танқислиги шароитида экинларни кўллатиб суғориш ва сувни зовурга ташлаб қўйишнинг ҳар бир ҳолатини “фавқулодда ҳолат” сифатида баҳолаб, сувдан мақсадли ва тежамли фойдаланиш, сув истеъмоли тартибига қатъий риоя этилиши устидан тизимли назорат ўрнатиш ҳамда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибини бузганларга нисбатан кескин чоралар кўриб бориш вазифаси юклатилган.

Қарор талаблари ижросини таъминлаш мақсадида Инспекциянинг Тўрақўрғон туман бўлими томонидан сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига риоя этилиши устидан доимий назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Хусусан, 2021 йилни ўтган даври мобайнида 53 та назорат тадбирлари ўтказилиб, шундан 85 та ҳолатда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Мисол учун, Тўрақўрғон туманида белгиланган тартибда ўтказилган текширишларда тумандаги "Фозилбек Абдуходиев" фермер хўжалиги томонидан ғўза майдони, "Олтин водий ифтихори" фермер хўжалиги томонидан эса ғалла майдонини суғоришда далада сув қаровсиз қолдирилганлиги сабабли, экин майдонлари кўллатиб юборилиб, ортиқча сув исрофгарчилигига йўл қўйилган.

Бундан ташқари, 42 нафар сув истеъмолчилари томонидан насос агрегатларининг босимли қувури, шунингдек, ирригация каналларида ўзбошимчалик билан сув олиш жойлари очиб олиниб, Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисида”ги Низоми талаблари бузилганлиги аниқланди.

Юқоридаги каби сув истеъмолчиларига нисбатан жами 49 та 12 млн 206 минг сўмлик маъмурий, 32 та 2 млн 725 минг сўмлик молиявий жарима санкциялари қўлланилди. 5 та материал тегишлилиги бўйича кўриб чиқишлик учун Судларга тақдим этилди.

Шунингдек, сув хўжалиги ташкилотлари ҳисобидаги гидротехника иншоотлари, насос агрегатлари, сувни бошқариш ва ҳисоблаш қурилмалари носозлиги ва уларни бартараф этиш юзасидан тегишли сув хўжалиги ташкилотларига 4 та тақдимнома, 5 та ёзма кўрсатмалар киритилган.

Ўз навбатида, ҳуқуқбузарлик содир этилишининг эрта олдини олиш мақсадида 37 та сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига расман огоҳлантириш хатлари берилган. Бу борада назорат тадбирлар давом эттирилмоқда.

Р. Қўзиев, Инспекциянинг Тўрақўрғон тумани бўлими катта инспектори       

Text to speech