Халқимизда “Сара уруғ – мўл ҳосил гарови” деган гап бор. Бирор бир маҳсулотни етиштиришда ўша ҳудуднинг об-ҳаво, тупроқ, сув шароитлари, ўтказилган агротехник тадбирлар билан бир қаторда, танланган уруғнинг сифати ҳам ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, бошоқли дон экинлари етиштиришда ҳосилдорлик кўп жиҳатдан танланган уруғликнинг сифатига боғлиқ бўлади.
Шундан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда бошоқли дон уруғчилигини ривожлантиришга катта эътибор қаратилган. Бу борада кўплаб илмий тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Ҳар бир ҳудуднинг иқлим шароити ҳисобга олинган ҳолда, белгиланган меъёрлар асосида уруғлик дон етиштириш тизимлари йўлга қўйилган.
Аммо, соҳани ривожлантириш борасида қилинаётган ишларга қарамай, камчиликлар ҳам оз эмас. Инспекциянинг Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган назорат тадбирлари жараёнида ҳудудда уруғлик дон етиштириш билан боғлиқ кўплаб қонунбузилишлар қайд этилди.
Мисол учун, Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 17 февралда рўйхатдан ўтказилган Низом ҳамда бошқа тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан, ҳар бир ҳудудда уруғлик дон етиштиришга даъвогар бўлган фермер хўжаликлари ўртасида тендер танлови ўтказилиб, тендер комиссияси томонидан белгиланган мезонлар асосида уларнинг имконияти ўрганиб чиқилиши ва танлов ғолиблари билангина уруғлик дон етиштириш бўйича шартномалар тузилиши лозим. Бунда туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи раислигидаги комиссия аъзолари томонидан ҳар бир иштирокчининг йиғма жилдларини шакллантирилиб, ким нима учун ғолиб бўлгани ҳақидаги ёки аксинча кимга нима сабабидан паст балл қўйилгани ҳақидаги хулосалар тегишли ҳужжатларда қайд этилиши шарт.
Аммо Яккабоғ туманида бу борадаги мавжуд ҳолат ўрганилганида, тендер танлови белгиланган мезонлар асосида сифатли ўтказилмагани, тегишли ҳужжатлар шакллантирилмасдан туриб уруғлик дон етиштирувчи фермер хўжаликлари билан шартномалар имзолангани аниқланди.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси ва вилоят ҳокимининг тегишли қарорлари билан Яккабоғ туманида 2021 йил ҳосили учун сувли майдонларда кузги бошоқли дон экинларининг районлашган 4 та, яъни, “Алексееич”, “Таня”, “Юка” ва “Гром” навлари жойлаштирилиши аниқ белгилаб берилган бўлса-да, туманда “Гром”, “Бунёдкор”, “Таня”, “Краснодарская-99”, “Ғозғон”, “Алексееич”, “Первица”, “Яксарт”, “Бобур”, “Крошка”, “Ҳисорак” каби навлар экилган.
Бу билан мутасаддилар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 апрелдаги тегишли қарори талабларини ҳам бузган. Яъни, мазкур қарорда 2018 йил 1 сентябрдан битта вилоятда ўнтадан кўп, битта туманда бештадан кўп бошоқли дон экинларининг районлаштирилган навларини жойлаштиришга йўл қўйилмаслиги аниқ белгилаб қўйилган. Яккабоғ туманида эса ушбу тартибга умуман амал қилинмаган ҳолда, 11 та районлаштирилган бошоқли дон экинлари экилгани ажабланарли.
худди шундай ҳолат Косон ва Нишон туманларида ҳам кузатилди. Мисол учун, Косон туманида 5 та ўрнига 12 та, Нишон туманида эса 11 та нав экилган.
Ваҳоланки, Инспекциянинг вилоят бошқармаси томонидан 2020 йил 14 июль санасида вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармасига 2021 йил ҳосили учун тендер танловларини сифатли ва белгиланган талабларга мувофиқ ўтказиш тўғрисида ёзма кўрсатма ҳамда 2020 йил 11 сентябрь санасида бошоқли дон экинлари навларини тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда кўзда тутилган тартибда жойлаштириш бўйича огоҳлантириш хатлари берилган эди. Масъул раҳбарлар эса барибир ўз билганича иш кўришган.
Айни вақтга қадар Ўзагроинспекциянинг вилоят бошқармаси томонидан мазкур туманлар қишлоқ хўжалиги бўлими раҳбарлари ҳамда вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғига нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланилди. Бу борадаги ўрганишлар давом этмоқда.
Одил МАҲМУДОВ, “Ўзагроинспекция” Қашқадарё вилоят бошқармаси маъмурий амалиёт бўлими бош инспектори