Ру Ўз O`z En

“Бухоро агрокластер” пахта-тўқимачилик кластер корхонасида ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди

27 Январь 2022 2418

Тадбирда иштирокчиларга 2022 йил ҳосили учун ғўза навлари кесимида тозалаш-саралаш, туксизлантириш, дорилаш ва сақлаш жараёнларида меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши юзасидан маълумотлар тақдим этилди.

Жумладан. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 мартдаги ПҚ-4241-сонли «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори тасдиқланди. Ушбу қарорда қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг генетик софлиги ва уруғлари сифати соҳасидаги давлат сиёсатининг ижро қилиниши, аккредитация соҳасига мувофиқ уруғларни сертификатлаш, уруғ ҳамда кўчат материалларининг сифатини аниқлаш ва назорат қилиш бўйича ишларнинг амалга оширилиши белгиланган.

2022 йил ҳосили учун Бухоро вилоятида 102,9 минг гектар майдонга истиқболли, районлаштирилган серҳосил ғўза навларини экиш белгиланган. Экиладиган ғўза навларини эртапишар навлар Бухоро-102 нави 7163 гектар (7%), ўртапишар навлар Бухоро-6 нави 29141 гектар (28%), Бухоро-8 нави 30092 гектар (29%), Бухоро-10 нави 34004 гектар (33%), янги навлар 2500 гектар (2,4%)ни ташкил этади.

Бухоро вилоятида жами 102,9 минг гектар майдонга чигит экиш режалаштирилган. Шунга асосан 5069 тонна уруғлик чигитни тозалаш-саралаш, 3342 тонна туксизлантириш ҳамда 3702 тонна дорилаш (пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан) талаб этилади.

2021 йилда уруғлик пахта етиштириш мақсадида тендер танловидан ўтган 243 та фермер хўжаликларидан жами бўлиб 19308 тонна, шундан 9495 тонна асосий, 7613 тонна захира ва 2200 тонна қўшимча захира фондига уруғлик пахта қабул қилиниб тайёрланди.

Тадбир давомида, Бухоро вилоятида 2022 йил ҳосили учун ғўза навлари кесимида тозалаш-саралаш, туксизлантириш, дорилаш ва сақлаш жараёнларида меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши;

- 2022 йил ҳосили учун вилоятда жамғарилган уруғлик пахталарнинг қабул қилиниши ва давлат стандартлари асосида сақланиши;

- 2022 йил ҳосили учун уруғлик чигитни тозалаш, саралаш, туксизлантириш ва дорилашда қўлланиладиган кимёвий препаратларнинг миқдори ва аҳамияти билан боғлиқ мавзулар доирасида иштирокчиларга батафсил маълумотлар бериб ўтилди.

Хусусан, 2022 йил пахта ҳосили учун давлат стандарти талабларига жавоб берадиган сифатли уруғлик чигит ишлаб чиқариш мақсадида пахта тозалаш ва бошқа корхоналар томонидан уруғлик чигитни тайёрлаш ва сақлашда навлар ҳамда репродукциялар аралашмаслиги, уруғлик пахтани тозалаш режимига риоя қилиниши, шунингдек, дорилаш-туксизлантириш цехларини жорий таъмирланган ҳолда қайта ишланиши аҳволи Инспекция томонидан ўрганилиб, олиб борилаётган дорилаш-туксизлантириш ишлари доимий назоратга олинган ҳолда амалий кўмаклар бериб келинмоқда.

Тозалашдан олинадиган уруғлик чигитларни саралаш, дорилаш ва туксизлантириш ишлари “Бухоро агрокластер” МЧЖга қарашли “Бухоро пахта уруғчилиги” МЧЖ ва “Бухоро уруғчилик” МЧЖ уруғчилик цехларида бажарилади.

Вилоятда 5069 тонна уруғлик чигитни тозалаш-саралаш, 3342 тонна туксизлантириш ва 3702 тонна уруғлик чигитни дорилаш режалаштирилган. Шундан, “Бухоро пахта уруғчилиги” МЧЖ томонидан 3454 тонна уруғлик чигитни тозалаш-саралаш, 2196 тонна туксизлантириш ва 2556 тонна уруғлик чигит дорилаш режалаштирилган. “Бухоро уруғчилик” МЧЖ томонидан 1431 тонна тозалаш-саралаш, 1015 тонна туксизлантириш ва 1015 тонна уруғлик чигит дорилаш режалаштирилган. “БСТ Cluster” МЧЖ томонидан 184 тонна тозалаш-саралаш, 131 тонна туксизлантириш ва 131 тонна уруғлик чигит дорилаш режалаштирилган.

“Бухоро пахта уруғчилиги” МЧЖга қарашли уруғлик цехи бир суткада40-45 тонна уруғни туксизлантириш қувватига эга бўлиб, ушбу цехда65 нафардан зиёд ишчи 3-сменада фаолият юритмоқда.

Мазкур цехда уруғлик чигитларни туксизлантириш ва дорилаш ишлари механик усулда амалга оширилади. Бугунги кунда уруғлик чигитларни дорилаш учун мутахассислар таклифлари асосида қишлоқ хўжалик касалликлари ва зараркунандаларига  қарши (гоммоз, илдиз чириш, фузариоз вилт) П-4, Спораген, Суфлёр (гуммат калий) ва Скарлет препаратларидан фойдаланиб келинмоқда.

Уруғларни белгиланган меъёрий ҳужжатлар талабларига асосан тайёрлаш учун Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази давлат унитар корхонаси вилоят филиалининг 4 нафар малакали мутахассислардан иборат лаборатория ходимлари томонидан мунтазам равишда намуналар олиниб, таҳлиллар амалга оширилиб келинмоқда.

Дорилаш жараёнида ғўзанинг илдиз чириш касллигига қарши П-4 ва Скарлет препаратларидан 1 тонна туксизлантирилган уруғлик чигит тайёрлаш учун 4 литр, вилт касаллигига қарши Спораген препаратидан 2 литр ва ғўзанинг ўзиш ва ривожланишини жадаллаштириш мақсадида Суфлёр (гуммат калий, биостимулятор) препаратидан 0,6 литр миқдорида қўшиб уруғлик чигитлар тайёрланмоқда.

Уруғчилик цехида тайёрланаётган уруғлик чигитдан ҳар 2 соатда намуналар олиниб намлиги, замонавий жиҳозлар билан жиҳозланган лабораторияда тола қолдиғи ва механик шикастланиши бўйича таҳлиллардан ўтказилмоқда.

Уруғлик чигитлар тагликлар устида, усти ёпқичлар билан ёпилган ҳолда ён атрофлари ёпиқ омборларда талаб этиладиган ҳарорат даражасида сақланмоқда. Омборларда 4 минг 500 тоннадан ортиқ дориланиб, тайёрланган уруғлик чигитларни навлар бўйича алоҳида-алоҳида сақлаш имконияти яратилган.

Уруғлик чигит сақланадиган омборлар ҳавонинг совуқ кунлари ҳароратни бир хил меъёрларда сақлаш мақсадида иситиш мосламалари билан таъминланган.

Шунингдек, уруғлик чигит тайёрлаш мавсумида талаб этиладиган қоғоз қоп, этикетка, кимёвий препаратлар ва ёғоч тагликлар (паддон) захираси ҳам етарли даражада яратилган.

Албатта, уруғлар белгиланган стандарт талабларига асосан тайёрланса фермер хўжаликлари сифатли уруғлик чигит билан таъминланиб, чигитларни бир текис ундириб олинишига ҳамда пахтадан мўл ҳосил олинишига замин яратилади.

М.Курбанбаев, Инспекциянинг Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини етиштиришни назорат қилиш бошқармаси бошлиғи -

Н.Исмаилов- бўлим бошлиғи, Б.Бахронов- Инспекциянинг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси бош инспектори

 

Text to speech