Бухоро вилоятида 2021 йил дон ҳосили ўрим-йиғими даврида жами 192 дона юқори унумли ғалла ўриш комбайнларининг қатнашиши режалаштирилган бўлиб, шундан 155 дона “Кейс” русумли ва 37 дона “Клаас Доминатор-130” русумли комбайнларни ташкил этади.
Ушбу комбайнлар мавсум олдидан 11 та таъмирлаш масканларига йиғилиб, техник жиҳатдан соз ҳолга келтирилди. Таъмирлаш масканларига киритилган комбайнлар тегишли мутахассислар ёрдамида хатловдан ўтказилди. хатловдан ўтказиш жараёнида аниқланган носозликлар “Ўз Кейссервис”, “Ўз Клаассервис” қўшма корхоналари ва туман “Агросервис МТП” масъулияти чекланган жамиятларининг инженер ходимлари томонидан таъмирлаш ҳамда сервис хизматлари кўрсатиш ишлари олиб борилди.
Хатлов жараёнида 6 млр. 646 млн. сўмлик эҳтиёт қисмларга эҳтиёж аниқланиб, қисқа вақт ичида маблағлар чиқарилиб, зарурий эҳтиёт қисмлар билан таъминланди.
Таъмирлаш ишларини сифатли бажарилиши ва қўлбола эҳтиёт қисмлардан фойдаланилишига йўл қўймаслик мақсадида “Ўзагроинспекция” Бухоро вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари инспекторлари томонидан кунлик назорат ўрнатилиб, доимий мониторинг тадбирлари олиб борилди.
Вилоят ҳокимлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳ комбайнларни сертификатлар асосида қабулдан ўтказиб, ҳар бир оператор ҳайдовчиларга тиббий кўрикдан ўтиши, техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиниши бўйича керакли кўрсатмалар берилди.
Ҳозирги кунда 192 та ғалла ўриш комбайнлари тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, мавсумга шай ҳолатда келтирилди. Шу билан бир қаторда, 192 та ўрим йиғим отрядлари ташкил этилиб, уларга 960 та дон ташувчи автомашиналар, 44 та кўчма таъмирлаш устахоналари ва 44 дона ёқилғи ташувчи мосламалар бириктирилди.
Шуҳрат Илёсов, “Ўзагроинспекция”нинг Бухоро вилояти бошқармаси бош инспектори