Инспекция фаолиятини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, инспекцияга қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг генетик софлиги ва уруғлари сифати соҳасидаги давлат сиёсатининг ижро қилиниши, аккредитация соҳасига мувофиқ уруғларни сертификатлаш, уруғ ҳамда кўчат материалларининг сифатини аниқлаш ва назорат қилиш бўйича ишларнинг амалга оширилиши юзасидан комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш функцияси юклатилган.
Бу борада, Инспекциянинг Бухоро туман бўлими томонидан жойларда ҳукумат қарорлари ижросини таъминлаш ва белгилаб берилган вазифа ҳамда функцияларни профессионал даражада бажариш юзасидан бир қатор тадбирлар, амалий ишлар олиб борилмоқда.
Вилоятнинг Бухоро туманида 2021 йил ҳосили учун тендер танловидан ўтган 15 та фермер хўжаликлари томонидан 449 гектар майдонларда парваришланаётган уруғлик ғалла “Ўзагроинпсекция”нинг Бухоро туман бўлими назорати остида апробация кўригидан ўтказилди.
Натижада туманда 2022 йил ғалла ҳосили учун бошоқли дон экинлари экилган 9 нафар фермер хўжаликлари томонидан жами 62 гектар уруғлик ғалла майдонлари талаб даражасида бўлмаганлиги аниқланиб, уруғлик ҳисобидан чиқарилди. Бўлимнинг амалий кўмаги билан туман миришкорлари томонидан 2022 йил ғалла ҳосили учун жами 1 337 тонна сифатли уруғлик дон жамғарилишига эришилди.
Туманда 2021 йилнинг 6 ой давомида қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилиги соҳасида жами ўтказилган 37 та назорат тадбирлари давомида, 8 та қонунбузилиши ҳолатлари аниқланиб, уларни олдини олиш бўйича 3 та маъмурий баённомалар расмийлаштирилган ва қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди. Қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш учун тегишли туман ташкилотларига 3 та тақдимномалар, 2 та ёзма кўрсатмалар киритилиб, 51 та огоҳлантирув хатлари берилди.
Мақсад, туманда қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилиги соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда мамлакатимиз аҳолисига сифатли қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини етказиб берилишида ўз ҳиссамизни қўшишдан иборат.
Нўмон ҲИДОЯТОВ, “Ўзагроинспекция” Бухоро туман бўлими катта инспектори