Бугунги кунда яйловлар камайиб, чорвачилик маҳсулотларига талаб кучайиб бораётган бир даврда сигир ва қочириш ёшидаги таналарни сунъий уруғлантириш орқали чорва моллари наслини яхшилаш - соҳага инновацион технологияларни жалб қилиш соҳада энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Бу борадаги ишларни ривожлантириш мақсадида айни дамда Қамаши туманида 21 та ветеринария шаҳобчалари ва "Чорванасл" маркази туман вакиллигидан жалб қилинган мутахассислар томонидан аҳоли ва фермер хўжаликларидаги сигир ва қочириш ёшидаги таналарни сунъий уруғлантириш бўйича сервис хизматлари кўрсатиб келинмоқда.
Туманда номзод наслчилик хўжаликларидаги наслли молларни маҳсулдорлик кўрсаткичларини оддий фермер хўжаликларида парваришланаётган қорамоллар билан фарқини статистик маълумотлар асосида ҳам таққослаш мумкин бўлади.
2021 йилнинг январь ҳолатига туманда 76 та чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари фаолият юритиб, уларда 1300 бош қорамол, шундан 550 бош сигирлар парвариш қилинмоқда.
Шу билан бирга, туманда 3 та номзод наслчилик хўжаликларда 370 бош симментал, қора-ола, қизил-чўл, швиц, зотли сигирлар парваришланиб, ўтган йилда ҳар бир наслдор сигирдан ўртача 2500 килограммдан сут соғиб олинишига эришилди. Ҳар бир сигирдан лактация давомида (305 кун) ўртача 3500 килограммдан зиёд сут соғиб олган, тумандаги "Муродов Рахматилла Мавлонович" масъулияти чекланган жамияти ва "Бобур Муродалиевич" масъулияти чекланган жамияти каби илғор хўжаликлар ҳам мавжуд.
Жорий йилда "Ўзагроинспекция"нинг Қамаши туман бўлимининг чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш инспектори томонидан номзод наслчилик хўжаликлари ҳамда четдан наслли қорамол олиб келган хўжаликларда наслчилик ресурсларини яратиш, сақлаш, такрор кўпайтириш ва улардан оқилона фойдаланиш, наслдор чорва моллар подаларини давлат рўйхатидан ўтказилиши, селекция жараёнида фойдаланиладиган наслчилик ресурсларини келиб чиқиши, маҳсулдорлиги, тури ва бошқа сифатлари бўйича баҳоланишининг ишончли рўйхатга олинишини таъминлаш, наслли маҳсулотнинг баҳоланиши ва насл сифатини тасдиқловчи бирламчи зоотехникавий ҳужжатларини тўлиқ юритилиши устидан 5 та текшириш ва 76 та мониторинг тадбирлари ўтказилган.
Аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли корхона ва фермер хўжаликларига 46 та ёзма кўрсатма, 2 та тақдимнома ва 65 та огоҳлантирувлар берилиб, 4 та қонунбузилиши ҳолати бўйича тегишли чора кўришлик учун ҳужжатлар туман судига юборилди.
Шунингдек, "Ўзагроинспекция"нинг Қамаши туман бўлими ходими томонидан соҳада Қонун устуворлигини таъминлаш, чорвачилик хўжаликларига белгиланган тартибда озуқа майдонлари ажратилиши ва улардан самарали фойдаланиш, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик йўналишларида янги лойиҳаларни амалга оширилиши ҳамда чорвачиликни ривожлантириш бўйича қабул қилинган ҳудудий дастурларининг, наслчилик ишларини ислоҳ қилиш билан боғлиқ қисмларини ижроси устидан қаттиқ назорат тадбирлари амалга оширилиб борилмоқда.
Келгусида ушбу амалий тадбирларини бажарилиши натижасида аҳолини гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминланишида ўз ҳиссаларини қўшмоқда.
Аброр МУСАЕВ, "Ўзагроинспекция"нинг Қамаши туман бўлими катта инспектори