Мамлакатимизда қоракўлчилик тармоғида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, наслчилик ишларини такомиллаштириш орқали сифатли қоракўл тери етиштириш, чўл озуқабоп экинлар уруғчилиги майдонларини ташкил этиш ва яйловлар ҳосилдорлигини ошириш ҳамда қоракўлчилик субъектларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида сўнгги йилларда бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Навоий вилоятининг олис туманларидан бири бўлган асосан чорвачиликка ихтисослашган Томди туманида ҳам бу борада тегишли вазифалар бажариб келиняпти.
Хусусан, наслчилик ишларини янада такомиллаштириш, чўл яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги майдонларини кенгайтириш, соҳада экспортбоп қоракўл ва қоракўлча тери етиштириш, маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш ва хом ашёлардан тиббиёт мақсадлари йўлида фаолият олиб борилмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг туман бўлими томонидан мазкур вазифаларни сифатли амалга оширишда бир қатор профилактик ва назорат тадбилари ўтказилиб келинмоқда.
Маълумот ўрнида келтириш жоиз, ҳозирги кунда туманда жами 238 та субъектлар фаолият кўрсатаётган бўлиб, шундан 2 таси қорамолчилик,
201 таси қўйчилик, 25 таси йилқичилик, 10 таси туячилик ва яна 2 таси паррандачилик йўналишидаги субъектлардир.
Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида туманда чорвачилик йўналишида қатор назорат тадбирлари ўтказилди, - дейди “Ўзагроинспекция” Томди туман бўлими чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш бўлими катта инспектори Аъзам Саидов.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 72 та назорат тадбирлари ўтказилиб, 72 та қонунбузилиш аниқланди. Камчиликларга йўл қўймаслик мақсадида фермер хўжалик ва масъулияти чекланган жамият раҳбарларига 67 та ҳолатда ёзма кўрсатма, 130 та огоҳлантирувлар берилди.
Бундан ташқари, туманда фаолият юритаётган 5 та кўйчилик фермер хўжаликларида текширишлар ўтказилди.
Хусусан, “Симбат-Нуршат”, “Ресдаулет”, Бурибай-қудуқ”, “Дархан-2019” МЧЖларда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 февралдаги “Наслчилик хўжаликлари мақомини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 100-сон қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 февралдаги “Қоракўлчилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4984-сонли қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 сентябрдаги “Ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартиби тўғрисида”ги 748-сонли қарори ижроси таъминланиши юзасидан текшириш ўтказилиб, йўл қўйилган камчиликлар ва тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.
Шунингдек, Туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимининг “Керизбулақ” ветеринария участкасида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 июндаги 532-сон қарори ижроси юзасидан текшириш ўтказилиб, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилди.
Инспекциянинг Томди туман бўлими томонидан соҳага оид Қонун, қарор ва бошқа ҳужжатлар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш устидан қатъий назорат ўрнатилган.
Зулфия Бобоева, “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси матбуот хизмати раҳбари