Хатирчи туманида 128 та чорвачилик субъекти мавжуд бўлиб, шундан 29 таси қорамолчилик, 25 таси қўйчилик, 36 таси эчкичилик, 31 таси балиқчилик, 7 таси паррандачилик хўжаликларига тўғри келади.
Жорий йилнинг ўтган январь-сентябрь ойлари давомида "Ўзагроинспекция"нинг туман бўлими томонидан 161 та назорат тадбирлари, - шундан 148 та мониторинг ва 13 та текширишлар ўтказилди.
Хусусан, август ойида Инспекция туман бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 июлдаги 575-сонли Қарори билан тасдиқланган Низом талаблари ижросини таъминлаш ва Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 21 декабрдаги “Наслчилик тўғрисида” ги Қонун ижроси ва наслчилик ресурсларини яхшиланиши, сақланиши, такрор кўпайтирилиши ва улардан оқилона фойдаланиши ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартиби тўғрисида”ги 2017 йил 22 сентябрдаги 748-сонли қарор ижроси юзасидан тумандаги “Албиён-2019” наслчилик мақомига эга қорамолчилик йўналишидаги масъулияти чекланган жамиятида текшириш ўтказилди.
Мазкур МЧЖда 31 бош йирик шохли моллар мавжуд бўлиб, шундан, 24 бош қора-ола зотига мансуб сигирлар парвариш қилиб келинаётган бўлган. Текшириш давомида “Наслчилик тўғрисида”ги Қонун ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси ва талаблари бузилаётганлиги маълум бўлди. Жумладан, чорвачилик фермасига кириш жойида деъзтўсиқ, деъзтўшамалар ташкил этилмаган, ветеринария-санитария қоидаларига амал қилинмаган.
Хўжаликда сигирларни сунъий уруғлантириш пункти ташкил этилмаган, Хатирчи туман “Чорванасл” маркази билан наслли буқалар уруғлари сотиб олиш учун шартнома тузилмаган, наслли буқалар уруғлари олинмаган.
Хўжаликда ветеринария ва санитария талабларига тўлиқ риоя қилинмаслиги ҳамда эпизотик барқарорликни доимий равишда таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилмаганлиги аниқланди.
Шу билан бирга, “Наслчилик тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасида назарда тутилган наслчилик ҳисоб-китоблари ва ҳужжатлари, шунингдек, наслли моллар маҳсулдорлиги ҳисоб-китоби юритилиши, 19-моддасида келтирилган наслдор ҳайвондан фойдаланиш шартлари талаблари бузилиши ҳам йўл қўйилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 сентябрдаги “Ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 748-сонли қарорининг ижроси талаблари ҳам бажарилмаган.
Юқорида кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан “Албиён-2019” қорамолчилик йўналишидаги наслчилик мақомига эга МЧЖ раҳбарига нисбатан қонунбузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган, шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритилди.
Сентябрь ойида 20 та назорат тадбирлари ўтказган, шундан 2 тасини текширишлар ташкил этади, жумладан, 3 мингга яқин бройлер жўжа парвариш қилинаётган “Тараққиёт 99” оилавий корхонаси фаолияти текширилганда наслчилик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилмаслиги аниқланди ва мазкур корхона раҳбари номига аниқланган қонунбузилишлар юзасидан уларнинг олдини олиш ва бартараф этиш мақсадида тақдимномалар киритилиши таъминланди.
Маълумот ўрнида келтириш жоиз, Инспекциянинг туман бўлими чорвачиликлар наслчилик ишини назорат қилиш бўлими томонидан жорий йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида ўтказилган назорат тадбирлари натижасида 157 та қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйилгани аниқланди. Натижада масъул шахсларга 40 та огоҳлантириш, 142 та ёзма кўрсатма берилган. 10 та ҳолатда аниқланган камчилик юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
З. Бобоева, “Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси матбуот хизмати раҳбари