Ру Ўз O`z En

Чорвачиликда наслчилик бўйича қарорлар ижроси назоратда

30 Октябрь 2020 3383

Айни вақтда бозорларимизда чорвачилик маҳсулотлари, айниқса гўшт маҳсулотларининг нархи бир қатор омиллар сабаб муттасил ошиб бораётганлиги аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Чорвачилик соҳасида фаолият юритаётган чорвадор ва мутахассислар наслчилик ишини ташкил қилиниши, хўжаликларда юқори маҳсулдор наслли чорва моллари бош сонини кўпайтирилиши, зотдор ҳайвонларни ҳисоб-китобини йўлга қўйилиши, чорвачилик маҳсулотларини кўпайтириш, таннархини тушириш баробарида ушбу маҳсулотларнинг бозордаги нархларини ошиб кетмаслиги гарови эканлигини яхши билишади.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Сирдарё вилоят бошқармаси ва туман бўлими ходимлари томонидан озиқ-овқат ҳафсизлигини таъминлаш борасида мавжуд қонунчиликка амал қилиниши юзасидан ҳам бир қатор тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Наслчилик тўғрисида”ги Қонунининг 7-моддаси билан Инспекцияга зотли ҳайвонларнинг экспорт ва импорт қилиниши, мулкчилик шаклидан қатъий назар чорвачилик хўжаликларида мавжуд зотли моллардан оқилона фойдаланилиши, чорвачиликда наслчилик ишларининг ҳисобини юритилиши устидан назоратни амалга ошириш ваколати юклатилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги “Наслли маҳсулот (материал)ни экспорт ва импорт қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 252-сонли қарори билан наслли молларни экспорт ва импорт қилиш тартиби белгиланган бўлиб, унинг 8-бандида импорт қилувчи субъект томонидан импорт қилинадиган наслли маҳсулот (материал) қуйидаги талабларга мувофиқ бўлиши, яъни гўшт ва сут қорамолчилигида – ёши энг кўпи билан 18 ойгача бўлган зотдор урғочи бузоқлар, бўғозлиги 6 ойликкача бўлган, тирик вазни 450 килограммдан кам бўлмаган ва кутилаётган туғиш вақтидаги ёши 30 ойдан кўп бўлмайдиган, ҳомилани отаси тўғрисидаги қўшимча маълумотлар бўлган ғунажин танланиши белгиланган.

Агроинспекциянинг вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимларининг чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш инспекторлари томонидан ўтган давр мобайнида Боёвут, Гулистон, Сайхунобод, Сирдарё, Оқолтин, Сардоба ва Ховос туманларидаги четдан 1035 бош наслли қорамол олиб келинган 21 та хўжалик юритувчи субъектларда ҳамда наслчиликка ихтисослашган хўжаликларида наслдор ҳайвонлардан оқилона фойдаланиш, 2020-2021 йиллар чорва қишловига озуқа жамғариш ҳамда биноларни тайёрлаш каби йўналишларда мониторинглар ўтказилди ва натижасига кўра хўжаликларга зарур тавсиялар ҳамда кўрсатмалар берилди.

Жорий йилнинг сентябр-октябр ойларида чорвачиликни ривожлантириш дастурига асосан жорий йилда Украина давлатидан 217 бош қора-ола зотли наслли моллар олиб келган. Боёвут туманидаги “Бахт нур чорва хамкор” фермер хўжалигига Украина давлатидан 57 бош қизил-чўл ва қора-ола зотли наслли қорамол, Оқолтин туманидаги “SHUXRAT DIAMOND” МЧЖга Германиядан 96 бош қора-ола голштин зотли наслли қорамол, Оқолтин туманидаги “Дода чорва”, Австрия давлатидан 62 бош симменталь зотли наслли ғуножинлар, Ховос туманидаги “Зоминлик Муроджон” МЧЖга Польша давлатидан 33 бош симменталь зотли наслли ғуножинлар ва Гулистон туманидаги “Ойбек чорва барака” фермер хўжалигига Украина давлатидан 33 бош қора-ола зотли наслли моллар олиб келинган.

Сайхунобод туманидаги “Маъмура Ирода” фермер хўжалигида инспекциянинг вилоят бошқармаси ва туман бўлими инспекторлари томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида ушбу хўжаликларга четдан олиб келинган наслли моллардан оқилона фойдаланиш бўйича ёзма кўрсатма, зотли молларни паваришлаш ва озиқлантириш юзасидан зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Шунингдек, жорий йилнинг октябрь ойида дастур доирасида жорий йилда четдан наслли қорамол олиб келиш режалаштирилган Сирдарё туманидаги “Султон” фермер хўжалиги томонидан қурилаётган замонавий молхона қурилиши ва озуқа жамғарилиши, “Изидиёт кластер” МЧЖда такрорий маккажўхори экинидан силос бостириш, “Турон равнақ барака” наслчилик фермер хўжалигида “Бушуев” зотли қорамолларни парваришлаш, генофондини асраш ва чорва қишловига тайёргарлик кўриш, Сайхунобод тумнидаги “Саттор” наслчилик хўжалигида наслчилик хисоб-китобини юритилиши бўйича ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликларни бартараф қилиш юзасидан хўжаликлар раҳбарларига амалий ёрдам кўрсатилди.

Шу билан биргаликда, Инспекциянинг вилоят ва туман инспектор ходимлари томонидан Боёвут, Сайхунобод ва Сирдарё туманларидаги наслчиликка ихтисослашган хўжаликларда “Наслчилик тўғрисида”ги Қонунда белгиланган талабларга амал қилиниши юзасидан ўтказилган текширишларда аниқланган камчиликлар юзасидан 3 нафар фермер хўжаликлари раҳбарларига нисбатан маъмурий иш қўзғатилди.

Агроинспекция томонидан ўзига берилган ваколатлар доирасида наслчилик соҳасидаги қонунбузилиши ҳолатларини олдини олиш, аниқланган ҳолатлар юзасидан таъсир чоралари қўллаш ҳамда наслчиликни ривожлантириш юзасидан чорвачилик хўжаликларига кўрсатмалар ва амалий ёрдам бериш асосида доимий назорат маниторинг ишлари йўлга қўйилган.

Донёр Ташматов “Ўзагроинспекция”нинг Сирдарё вилоят бошқармаси “Чорвачилик-наслчилик ишини назорат қилиш бўлми” бош инспектори

 

 

Text to speech