Ру Ўз O`z En

Чорвачиликда наслчилик ишлари инспекция назоратида

30 Июль 2021 3167

Республика хўжаликларида чорвачиликни ривожлантириш, уларнинг маҳсулдорлигини янада ошириш, мустаҳкам озуқа базасини яратиш, селекция усулларидан фойдаланиб, мамлакат ҳудудида урчитилаётган барча турдаги чорва молларнинг насл сифатини яхшилаш, уларнинг биологик хусусиятларини чуқурроқ ўрганиш учун наслчилик ишини ривожлантириш, унинг сифатини янада яхшилаш борасида қонун ва қарорлар қабул қилинмоқда.

Бухоро вилоятида чорвачиликни ривожлантириш, истиқболли лойиҳаларни амалга оширилиши, субсидия ажратилиши, наслли ҳайвонларнинг сифат (наслдорлик) кўрсаткичлари тўғри аниқланганлиги, зотли моллардан оқилона фойдаланилиши юзасидан “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси томонидан назорат тадбирлари олиб борилди.

Тадбир давомида, бошқарманинг Чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш бўлими томонидан Қоракўл туманидаги наслчиликка ихтисослаштирилган масъулияти чекланган жамиятда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 майдаги 280-сонли “Чорвачилик тармоғига давлат томонидан субсидия ажратишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси ўрганилганда, жамиятга 2020 йилнинг 13 декабрида хориждан олиб келган 58 бош наслли қорамол учун жами 116 млн.сўм субсидия маблағи ажратилганлиги маълум бўлди.

Хусусан, жамиятда қарорга асосан 58 бош қорамолга субсидия ажратилган бўлсада, аслида 24 бош қорамол сақланаётганлиги, 5 бош қорамол турли сабабларга кўра нобуд бўлганлиги ва қолган 29 бош наслли қорамоллар сотиб юборилганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан инспекторлар томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, асослантирилган маълумотлар жамланиб, қонуний чора кўриш бўйича туман Прокуратурасига тақдим этилди.

Қонун ҳаммага баробар, аграр соҳада адолатли тизимни барпо этиш асосий мақсадимиз.

 

Ойбек СУЛТОНОВ, “Ўзагроинспекция”нинг Бухоро вилоят бошқармаси бўлими бош инспектори

Text to speech