Мамлакатимизда чорвачилик тармоғи, хусусан наслли молларни кўпайтириш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланган. Статистик маълумотларга кўра, Жиззах вилояти бўйича бугунги кунда жами 608 та қорамолчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари фаолият кўрсатиб, шундан 17 тасини наслчилик йўналишидаги хўжаликлар ташкил қилади.
- Ушбу хўжаликларда ҳозирда 2 минг 200 дан зиёд зотдор қорамоллар парваришланиб, аҳоли, деҳқон ва фермер хўжаликларига аукцион асосида етказиб берилмоқда,-дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси Чорвачиликда насчилик ишини назорат қилиш бўлими бош инспектори Учқун Мамражабов. –Шу билан бирга бошқарма ва унинг туман бўлимлари ходимлари томонидан ана шу хўжаликларида 1995 йилда 21 декабрдаги “Наслчилик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ва бошқа қабул қилинган норматив-хуқуқий ҳужжатларнинг ижроси ҳамда талабларига тўлақонли риоя этилиши юзасидан бир қатор назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Хусусан, Зомин тумани “Чорвадор” жамоа хўжалиги ҳудудидаги “Бешбулоқ” ва “Қутчи” наслчилик фермер хўжаликларида ўтказилган ўрганишларда хўжаликлар фаолиятида бир қатор камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.
-Ўрганишлар натижасида “Чорвадор” жамоа хўжалигидаги “Бешбулоқ” ҳамда “Қутчи” наслчилик фермер хўжаликларида наслчилик талаблари тўлиқ бажарилмаганлиги маълум бўлди, -дейди Инспекциянинг Зомин туман бўлими Чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш бўйича катта инспектори Аҳмад Қаршибоев.–Мазкур хўжаликларда наслли чорва молларини суньий уруғлартириш 65 % (фоиз) ни ташкил этиб, молларни тайёрлаб сотиш ишлари бор йўғи 55 % (фоиз) га бажарилган холос.
Ушбу хўжаликларга нисбатан аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштириб, туман маъмурий судига юборилди ва суд қарорига асосан хўжаликларга нисбатан МЖтК нинг 92-моддасига кўра маъмурий жарималар қўлланилди.
Маълумот ўрнида, ҳозирги кунда биргина Зомин туманида чорвачиликка ихтисослаштирилган 102 та фермер хўжаликлари мавжуд бўлиб, шундан 6 таси наслчиликка итисослаштирилган. Жумладан, қорамолчилик бўйича 3 та, қуёнчилик бўйича 2 та ҳамда қўйчилик бўйича 1 та хўжалик фаолият юритмоқда. Наслчилик субъектларида 400 дан ортиқ наслли чорва моллари, 1500 дан ортиқ наслли қўйлар ҳамда 800 дан ортиқ наслли қуёнлар парвариш қилинмоқда.
Шунингдек, Чорвачилик ва наслчилик соҳасида олиб борилаётган ишларни тўғри ва ҳаққоний ташкил этиш ва соҳани ривожлантириш мақсадида инспекция органлари томонидан доимий назорат олиб борилмоқда.
“Ўзагроинспекция” нинг Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати