Бугунги кунда яйловлар камайиб, чорвачилик маҳсулотларига талаб кучайиб бораётган бир даврда сигир ва қочириш ёшидаги таналарни сунъий уруғлантириш орқали чорва моллари наслини яхшилаш - соҳага инновацион технологияларни жалб қилиш соҳада энг муҳим устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Бу борадаги ишларни ривожлантириш мақсадида айни дамда Сирдарё вилоятида 100 дан ортиқ ветеринария шаҳобчалари ва “Чорва насл” маркази томонидан жалб қилинган мутахассис-осеминаторлар томонидан аҳоли ва фермер хўжаликларидаги сигир ва қочириш ёшидаги таналарни сунъий уруғлантириш бўйича сервис хизматлари кўрсатиб келинмоқда.
Наслчилик хўжаликларидаги наслли молларни маҳсулдорлик кўрсаткичларини оддий фермер хўжаликларида парваришланаётган қорамоллар билан фарқини статистик маълумотлар асосида ҳам таққослаш мумкин бўлади.
Вилоятда 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига 497 та чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари фаолият юритиб, уларда 36,2 минг бош қорамол, шундан 12,7 минг бош сигирлар парвариш қилинмоқда.
Ушбу хўжаликларда ўтган 2020 йил давомида 19,5 минг тонна сут ишлаб чиқарилиб, ўртача бир бош сигирдан 1530 кг.дан сут соғиб олинди халос.
Шу билан бирга, вилоятда 52 та наслчиликка ихтисослашган хўжаликларда 8,6 минг бош голштин, қора-ола, симменталь, қизил-чўл, швиц, бушуев зотли сигирлар парваришланиб, ўтган йилда ҳар бир наслдор сигирдан ўртача 3110 кг.дан сут соғиб олинишига эришилди. Ҳар бир сигирдан лактация давомида (305 кун) ўртача 5000 кг.дан зиёд сут соғиб олган Мирзаобод туманидаги “Про милк” МЧЖ ва Сирдарё туманидаги “Интер милк” МЧЖ каби илғор хўжаликлар ҳам мавжуд.
Жорий йилда "Ўзагроинспекция"нинг Сирдарё вилояти бошқармаси ҳамда туман бўлимларининг чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш инспекторлари томонидан наслчилик мақомига эга ҳамда четдан наслли қорамол олиб келган хўжаликларда наслчилик ресурсларини яратиш, сақлаш, такрор кўпайтириш ва улардан оқилона фойдаланиш, наслдор чорва моллар подаларини давлат рўйхатидан ўтказилиши, селекция жараёнида фойдаланиладиган наслчилик ресурсларини келиб чиқиши, маҳсулдорлиги, тури ва бошқа сифатлари бўйича баҳоланишининг ишончли рўйхатга олинишини таъминлаш, наслли маҳсулотнинг баҳоланиши ва насл сифатини тасдиқловчи бирламчи зоотехникавий ҳужжатларини тўлиқ юритилиши устидан 7 та текшириш ва 46 та мониторинг тадбирлари ўтказилган.
Аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли корхона ва фермер хўжаликларига 4 та ёзма кўрсатма, 2 та тақдимнома ва 57 та огоҳлантирувлар берилиб, 1 та қонунбузилиш ҳолати бўйича тегишли чора кўришлик учун ҳужжатлар туман судига юборилди.
Шунингдек, "Ўзагроинспекция" Сирдарё вилоят бошқармаси ва туман бўлими ходимлари томонидан соҳада Қонун устуворлигини таъминлаш, чорвачилик хўжаликларига белгиланган тартибда озуқа майдонлари ажратилиши ва улардан самарали фойдаланиш, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик йўналишларида янги лойиҳаларни амалга оширилиши ҳамда чорвачиликни ривожлантириш бўйича қабул қилинган ҳудудий дастурларининг, наслчилик ишларини ислоҳ қилиш билан боғлиқ қисмларини ижроси устидан қаттиқ назорат тадбирлари амалга оширилиб борилмоқда.
Донёр Ташматов, "Ўзагроинспекция" Сирдарё вилоят бошқармаси Чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш бўлими бош инспектори