Кўрилган чораларга қарамай дунё бозори ва асосий иқтисодий ҳамкор мамлакатларда кузатилаётган тенденцияларга боғлиқ равишда ички бозорда айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ошиши кузатилмоқда.
Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар шароитида аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз ва барқарор нархларда таъминлаш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 15 мартдаги “Ички истеъмол бозорини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 135-сонли қарори ҳамда вилоят ҳокимининг 18 мартда 123-сонли қарори қабул қилинди.
Қарорга биноан ички бозорда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини барқарор сақлаш мақсадида импорт асосида келтириладиган маҳсулотларнинг прогноз ҳажмлари белгиланиб, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш, уларни ички бозорга тизимли етказиб бериш ҳамда нархларни доимий мониторинг қилиш ва тезкор чора - тадбирларни амалга ошириш бўйича вилоят ишчи гуруҳи тасдиқланди.
Вилоят ишчи гуруҳининг асосий вазифалари этиб:
ҳудудлар кесимида асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш прогноз кўрсаткичлари бажарилишини таҳлил қилиш;
озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари аҳоли эҳтиёжига нисбатан кам етиштириладиган ҳудудлар захираси учун етишмайдиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажми эҳтиёждан ортиқча бўлган ҳудудлар ҳисобига қоплаш чораларини кўриш;
озиқ-овқат маҳсулотлари ички бозорга тизимли етказиб берилиши ҳамда уларнинг нархлари ошиб кетмаслиги юзасидан доимий мониторингни амалга ошириш;
нархлар кескин ошиши билан боғлиқ хавфлар юзага келганда уларнинг салбий оқибатларини камайтириш бўйича тезкор чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан таклифлар киритиш;
озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича бозорлардаги талаб ва таклиф мувозанати, кутилаётган ижобий ва салбий конъюнктура ўзгаришлари, ички бозор учун юзага келиши мумкин бўлган хатарларни баҳолаб бориш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш белгиланди.
Шунингдек, Ҳукуматнинг мазкур қарори билан “Ўзагроинспекция”га ҳам бир қатор вазифалар юклатилган.
Жумладан, 2021 йил 1 апрелга қадар манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда фаолият кўрсатаётган чорвачилик хўжаликларидаги мавжуд қорамоллар бош сони ва уларга ажратилган ер майдонларини тўлиқ хатловдан ўтказиш ҳамда чорвачилик учун мўлжалланган ерлардан самарали фойдаланиш юзасидан таҳлилий маълумотлар тайёрланиб, Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилиши белгиланди.
Шу мақсадда, “Ўзагроинспекция”нинг Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи буйруғига кўра, 2021 йилда чорвачилик тармоқларини ривожлантириш бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган дастурнинг ҳар бир банди бўйича ижросини жойларда тизимли равишда ташкил этилиши устидан доимий назоратни амалга ошириш учун ишчи гуруҳи ташкил этилди.
Жойларда чорвачилик хўжаликларидаги мавжуд қорамоллар бош сони ва уларга ажратилган ер майдонларидан самарали фойдаланиш, сифатли сут ва гўшт маҳсулотлари етиштириш ҳамда чорвачилик дастурида белгиланган истиқболли лойиҳаларнинг ўз муддатида бажарилишини назорат қилиш ҳамда зарурий кўрсатмалар ва амалий ёрдамлар берилиши ишчи гуруҳнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.
Мухтасар қилиб айтганда, чорвачилик тармоғини ривожлантириш, наслли қорамоллар бош сонини кўпайтириш баробарида бозорларда гўшт ва сут маҳсулотларнинг сифатли ҳамда мўл бўлишини таъминлаш билан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминланишига эришилади.
Фозил РАЖАБОВ, “Ўзагроинспекция”нинг Бухоро вилояти
бошқармаси катта инспектори