Ру Ўз O`z En

Боғ ва ток қатор ораларига қишлоқ хўжалиги экинларини экилиши устидан назорат ўрнатилган

21 Ноябрь 2023 2220

Жорий йил 23 октябрь куни Президент ҳузурида ўтказилган йиғилишда давлатимиз раҳбари боғ ва ток қатор ораларига экин экиш тадбирларига алоҳида тўхталиб, Ўзбекистонда 331 минг гектар боғ ва 153 минг гектар токзор бор. Уларда қатор ораларидаги ерларга пиёз, саримсоқ, сабзи, баҳор ойларида ерёнғоқ, картошка, помидор ва бодринг экилса, бозорларимизга қўшимча маҳсулот, аҳолига даромад бўлиши таъкидлаб кетилган эди.

Демак, бугунги кунда мавжуд ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва экспорт ҳажмларини янада ошириш, маҳсулот етиштирувчиларнинг иқтисодий ва молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида “Ўзагроинспекция” томонидан республикада 2024-йил ҳосили учун боғ ва ток қатор ораларига қишлоқ хўжалиги экинларини экилиши устидан доимий назорат ўрнатилган.

Жорий йилнинг ноябрь-декабр ойларида республика бўйича жами 356 минг 338 гектар боғ ва токзорлар, шундан 257 минг 880 гектари боғ ва 98 минг 457 гектар ток қатор ораларига қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

Ўзагроинспекциянинг Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилишини назорат қилиш бошқармаси ва унинг ҳудудий бошқармалардаги соҳа мутахассислар томонидан ҳудудлардаги қишлоқ хўжалиги бошқармаларидан олинган маълумотларга кўра жорий йилнинг 21-ноябрь ҳолатига бир кунда 3 минг 719 гектар, мавсум бошидан буён жами 339 минг 337 гектар ёки режага нисбатан 95,2 фоиз боғ ва ток қатор ораларига қишлоқ хўжалиги экинлари экилганлиги маълум бўлди.

Шундан, боғ қатор ораларига 244,1 минг гектар ёки 94,7 фоиз (жумладан, 52,8 минг гектар пиёз, 11,4 минг гектар саримсоқпиёз, 30,5 минг гектар сабзи, 11,8 минг гектар лавлаги, 36,4 минг гектар кўкат, 8,9 минг гектар карам ва 92,1 минг гектар бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари) экилганлиги ҳамда ток қатор ораларига эса 95,1 минг гектар ёки 96,7 фоиз майдонларга (жумладан, 24,9 минг гектар пиёз, 4,2 минг гектар саримсоқпиёз, 12,5 минг гектар сабзи, 2,1 минг гектар лавлаги, 9,5 минг гектар кўкат, 2,4 минг гектар карам ва 39,3 минг гектар резавор экинлар экилганлиги аниқланди.

Ҳудудларда инспекциянинг уруғчилик соҳасини назорат қилувчи мутахассислар томонидан туманлардаги фермер хўжаликлар ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг мавжуд боғ ва токзорларининг қатор ораларига белгилаб берилган қишлоқ хўжалиги экинлари экилиши мониторинг қилинганда, қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун об-ҳавонинг қулай келиши ва барча шароитлар бўлишига қарамасдан экиш ишлари қониқарсиз ташкил этилган хўжалик субъектлари ҳам аниқланди.

Мазкур ҳолат бўйича боғ ва ток қатор орасига қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ишларига киришилмаган ёки сифатсиз ўтказилганлиги юзасидан 21-ноябрь кунига қадар инспекция мутахассислари томонидан 7 минг 333 та хўжалик субъектларида назорат тадбирлари ўтказилиб, тадбирлар давомида 6 минг 160 тасида қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди.

Аниқланган қонунбузарлик ҳолатларини бартараф этиш юзасидан инспекция томонидан 5 минг 722 та огоҳлантириш, 1 минг 419 та ёзма кўрсатмалар, 76 та тақдимномалар киритилиб, 35 та ҳолатда маъмурий қарорлар қабул қилиниши таъминланди.

М.Қурбонбоев,   "Ўзагроинспекция" нинг Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилишини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи З.Исматов Бошқарма бош мутахассиси.

Text to speech