Август ойи ғўза парваришида муҳим долзарб палла ҳисобланади. Айни долзарб мавсумда Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари мутахассислари томонидан ғўза агротехник тадбирларининг кечиктирмасдан ўтказилиши назоратга олинган.
Навоий вилояти Навбаҳор тумани пахтачиликка ихтисослашган 182 та фермер хўжаликлари томонидан 6 минг 600 гектар майдонда ғўза парваришланмоқда. Айни кунларда ғўза қатор ораларида культивация, шарбат билан суғориш ва чилпиш (чиканка) каби агротехник тадбирлар давом эттирилмоқда.
Жумладан, тупроқ етилиши билан қатор ораларига культиваторни кечиктирмасдан киритилиши ўсимликнинг озиқланиш тизими яхшиланиши, илдиз чириш ва гоммоз касалликлари билан зарарланишининг олдини олади. Туман бўйича мавсумга 147 та культиваторлар жалб этилган бўлиб, мавсум бошидан буён 8-9-марта ғўза қатор орасига ишлов берилди.
Тумандаги ғўза майдонларга 3-4-марта суспензия сепилди. Шу билан бирга, икки марта тўлиқ ҳамда учинчи суғориш ишлари ҳам 5 минг 412 гектар ёки 82 фоиз майдонда амалга оширилди. Айтиш жоизки, бу каби агротехник тадбирларни кечиктирилмай, сифатли бажарилишида Инспекциянинг туман бўлими мутахассислари олиб бораётган назорат тадбирларининг аҳамияти катта бўлмоқда.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, ҳосил тақдири ҳал бўладиган айни шу кунларда ғўза майдонларининг ҳар гектарига 5 тоннадан маҳаллий ўғит чиқарилиб, шарбат усулида суғориш ташкил этилса, тупроқдаги мавжуд микроорганизмлар фаолияти жадаллашиб, минерал ўғитлар самарадорлиги 50 фоизгача ошади. Ушбу жараённинг сифатли амалга ошиши ҳосилдорлик чўғи баланд бўлишида муҳим рол ўйнайди.
Ғўза майдонларида барча агротехник тадбирларни кечиктирмасдан ўтказиш бўйича мавсум бошидан буён тумандаги мутахассислар томонидан 120 та камчиликлар аниқланган. Уларни бартараф этиш юзасидан туман ҳокимликларига 2 та тақдимнома, 186 нафар фермер хўжалик раҳбарларига огоҳлантириш хатлари ва 150 нафарига эса ёзма кўрсатма киритилган.
А.Мансуров, Инспекциянинг Навбаҳор туман бўлими бош мутахассиси.