Республика бўйича жорий йилда ўтказилган тендер танловларида ғолиб чиққан 3220 нафар фермер хўжаликларининг 102 минг 749 гектар уруғлик майдонларида уруғлик пахта етиштирилиб, парвариш қилинмоқда. Иқлим шароитига мос, серҳосил Султон, Бухоро-102, Бухоро-6, Бухоро-8, Бухоро-10, Порлоқ-4, Андижон-35, Андижон-36, Андижон-37, С-6524, С-8295, С-8286, С-8290, Наманган-34, Наманган-77, Бешқахрамон, Сурхон-14, Термиз-202, Меҳнат, Хоразм-150, Хоразм-127 ва шу каби бир қанча ғўза навларининг юқори авлодли уруғликларини олиш режалаштирилган.
Шу жумладан, Бухоро вилоятида жорий йилнинг 5 август куни бўлиб ўтган уруғлик пахта майдонларида апробация кўригини ўтказиш бўйича кўргазмали ўқув-семинарларига Инспекциянинг Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Навоий ва Хоразм вилоятлар ҳудудий бошқармаларининг тегишли мутахассислари иштирокида бўлиб ўтди.
Ўқув семинарининг асосий қисмида Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Тешаев сўзга чиқди ва 2022 йил уруғлик пахта майдонларида ўтказиладиган дала апробация ишларини сифатли амалга ошириш масалалари хусусида тўхталди. Қайд этилганидек, жорий йилнинг 7 июлида Давлатимиз раҳбарининг “Пахта ҳосилдорлигини ошириш, пахта етиштиришда илм ва инновацияларни жорий қилишнинг қўшимча ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан Президентимиз ҳузурида Пахтачилик Кенгаши ташкил этилди.
Қарорда пахта ҳосилдорлигини ошириш, пахта етиштиришда илм ва инновацияларга асосланган уруғчиликни, нав танлаш, ерга ишлов бериш, ўғитлаш, суғориш ишларини йўлга қўйиш орқали пахта-тўқимачилик соҳасида экспорт ҳажмлари ва даромадни ошириш мақсадида Пахтачилик кенгашига вазифалар белгилаб берилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, 2022 йил 1 январдан бошлаб ҳудудларни юқори авлодли уруғликлар етиштиришга ихтисослаштириш тизими жорий этилди.
Ўқув-семинарида Инспекциянинг Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилишини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи М.Курбанбаев семинар якунида уруғлик майдонларида дала апробациясини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари асосида назорат қилиб борилиши ва камчиликларга йўл қўймасдан ўтказилиши хусусида тўхталди.
Уруғлик пахта хом-ашёси чигити етиштирилишини назорат қилиш бўлими бошлиғи Н.Исмаилов Инспекция қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг генетик софлиги ва уруғлари сифати соҳасидаги давлат сиёсатининг ижро қилиниши, уруғчилик хўжаликларини аниқлаш, қишлоқ хўжалиги экинлари навларини жойлаштириш, янги навларни районлаштириш ва навдор уруғлар тайёрлаш кўрсаткичлари бажарилиши устидан назоратни амалга оширилиши хусусида тўхталди.
Ҳудудларда ўтказилган танловлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрдаги 641-сонли қарорининг 1-иловаси Оригинал, элита ва кейинги авлодларга мансуб уруғлик пахта етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун хўжаликлар ўртасида танлов ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига асосан амалга оширилди.
М.Курбанбаев, Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилишини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи
Н.Исмаилов, Уруғлик пахта хом ашёси чигити етиштирилишини назорат қилиш бўлими бошлиғи
Б.Усмонов, Уруғлик пахта хом ашёси чигити етиштирилишини назорат қилиш бўлими катта инспектори