Жорий йилда Наманган вилоятида жами 63 минг 604 гектар майдонда ғўза парваришланаётган бўлиб, ўтказилган тендер танловларида ғолиб чиққан 236 нафар фермер хўжалигининг 6 минг 88 гектар ерида уруғлик пахта етиштирилмоқда. Иқлим шароитига мос, серҳосил “Андижон-35”, “С-6524”, “С-8295”, “Наманган-34”, “Наманган-77”, “Бухоро-102” ғўза навларининг юқори авлодли уруғликларини олиш режалаштирилган.
Куни кеча эрта тонгда Тошкент, Сирдарё, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларидан келган мутахассислар иштирокида «Наманган элита уруғчилик» хўжалиги ғўза майдонларида «2022 йилда уруғчилик учун экилган майдонларда ғўза апробациясини ўтказиш ва 2023 йил ҳосили учун сифатли уруғлик захирасини яратиш» бўйича кўргазмали ўқув-семинар ўтказилди.
Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири И.Абдураҳмонов, Қишлоқ хўжалиги вазирининг 1-ўринбосари Ш.Тешаев, “Ўзагроинспекция” марказий маҳкамаси масъуллари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ташкил этилган пахтачилик кенгаши томонидан ҳудудларда маҳаллий шароитларда яхши ҳосил бераётган навларни таҳлил қилиб, супер элита ва элита уруғларини кўпайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, янги навларни яратиш, бу борада олимлар билан илмий ҳамкорликни янада кучайтириш тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Семинарда дала шароитида ғўза навдорлигини аниқлаш бўйича апробация ўтказиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби, ғўза навларини тўғри жойлаштириш ва сифатли уруғлик жамғармасини яратишда ғўза апробациясининг мақсад ва вазифалари, уруғлик пахта майдонларида дала апробациясини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари асосида ўтказилишини назорат қилиб бориш, соғлом уруғлик фондини яратишда ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳаси олим ва мутахассисларининг асосий вазифалари, элита уруғчилик хўжаликларига юқори навдорликка эга бўлган ғўза навларининг оригинал уруғлик материалларини етказиб берилишида институт ва нав муаллифларининг олиб бораётган ишлари, янги яратилаётган ва истиқболли ғўза навларини давлат нав синаш участкаларига топшириш ва синов ўтказиш тартиби, уруғлик майдонларда апробация кўрикларини ўтказиш, навга хос бўлмаган ғўза тупларидан тозалаш, ҳосилини териб олиш тартиби ва яроқсиз деб топилган майдонлардан уруғлик пахта теришга йўл қўймаслик тўғрисида сўз юритилди.
Шу билан бирга “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари, “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш” ДУК, “Уруғчиликни ривожлантириш маркази вилоят бошқармаси” ва қатор соҳага алоқадор ташкилотлар томонидан ташкил этилган апробация гуруҳлари томонидан эътибор берилиши лозим бўлган жиҳатлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
"Ўзагроинспекция" Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштиришни назорат қилиш бошқармаси,
Илҳомжон Мусаев, “Ўзагроинспекция”нинг Наманган вилоят бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича бош инспектори