Ру Ўз O`z En

ДОН ҚАБУЛ ҚИЛИШ, САҚЛАШ ВА ҚАЙТА ИШЛАШ ДОИМИЙ НАЗОРАТДА

11 Февраль 2021 3174

Дон - халқимизнинг ризқ-рўзи, фаровонлик омили саналади. Шу боис уруғ қадашдан тортиб токи пишиб етилган донни қабул қилиш шахобчаларига етказиш ва сақлашгача бўлган жараённинг сифатли кечиши муҳим аҳамиятга эга. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси Навоий вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари инспекторлари томонидан ҳам бу бўйича зарур чора-тадбирлар кўриб келинмоқда.

Жумладан, ўтган 2020 йилда “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси тизимидаги вилоятда жойлашган дон корхоналари ва уларнинг дон қабул қилиш шахобчалари (“Навоийдонмаҳсулотлари” акциядорлик жамияти ва “Қизилтепа ун заводи” акциядорлик жамияти ҳамда 6 та дон шахобчалари)нинг бошоқли дон ҳосилини қабул қилишга тайёргарлиги, қабул қилиши, қайта ишлаши ва маҳсулотларни реализация қилиниши бўйича назорат тадбирлари олиб борилди.

Хусусан, 20 та текшириш ва 43 та мониторинглар натижасида 40 та ҳолатда қонун бузилишлари аниқланиб, тегишли таъсир чоралар қўлланилди. Бундан ташқари соҳага оид қонун бузилишлари олдини олиш мақсадида 102 та огоҳлантириш хатлари берилди.

Буларнинг натижасида дон қабул қилиш шахобчаларидаги бошоқли донларни элеватор ва омборларга ташиб киритилишида ортиқча нобудгарчиликларга йўл қўйилмади. Тегирмонларга берилган буғдой донларини қайта ишлашдан 75,31 фоиз (Қўлланмада - 75,0%) ун маҳсулотлари олинишига эришилди ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан бу кўрсаткич 0,04 фоизга ошди.

- Жорий йилнинг январь ойида соҳада 67 та назорат тадбирлари ўтказилди, - дейди “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси пахта хомашёси, дон, уруғлар ва уларни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими катта инспектори Алиқул Бабамуродов - шундан 3 тасини хабардор қилиш тартибидаги текширишлар ташкил этса, 64 та мониторинг натижасида аниқланган қонунбузилишлар юзасидан 107 нафар мансабдор шахсларга ёзма огоҳлантириш хатлари берилди. 1 нафар мансабдор шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 212-моддаси 1-қисми билан ва 2 нафар фермер хўжаликлари раҳбарларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 198-моддаси билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, тўпланган материаллар туман жиноий судига юборилиши таъминланди.

Бугунги кунда вилоятдаги дон корхоналарда давлат ресурсига қабул қилинган буғдойни хатлов ўтказиш ва “нол”га тозалаш ишлари устидан назорат қилиб борилмоқда.

Шунингдек, вилоят ҳокимлигининг қарорига асосан, 2021 йилги бошоқли донларни вилоятдаги 10 та ташкил этилган ғаллачилик кластерларида қабул қилиб олиш режалаштирилган. Вилоят инспекцияси томонидан мазкур ғаллачилик кластерларига бошоқли донларни қабул қилишда моддий техника базаси тайёргарлиги юзасидан зарурий кўрсатма ва амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

“Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

 

Text to speech