Техника деҳқоннинг қаноти. Айниқса, бугунги замонда аграр соҳани қишлоқ хўжалиги техникаларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Далада бажариладиган ҳар бир агротехник тадбирда унинг имконияти ва кучидан кенг фойдаланилмоқда.
Шу маънода, Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида “Ўзагроинспекция”нинг Дўстлик туман бўлими томонидан 2 минг 54 тадан зиёд қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл қурилиши техникалари давлат рўйхатига олиниб, техникалар тўғрисидаги барча маълумотлар “Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари ҳисоби” ахборот электрон тизимига киритилган. Мазкур тизим техникадан самарали фойдаланиш, уларнинг аниқ ҳисобини юритиш бўйича назоратни тўғри ташкил этиш ва соҳани рақамлаштиришга қаратилган.
Буларнинг 89 тасини турли русумдаги ҳайдов, 500 тасини чопиқ ва 182 тасини транспорт тракторлари ташкил қилади.
Айни кунларда баҳорги дала ишларида қатнашадиган қишлоқ хўжалиги техникалари марказлашган ҳолда 7 та масканга таъмирлаш учун йиғилиб, техникаларни мавсумга ҳозирлаш ишлари давом этмоқда.
-Қишлоқ хўжалиги техникаларини таъмирлаш агроинспекция ходимлари томонидан назоратга олиниб, яқин кунларда бу ишлар ниҳоясига етади,- дейди Инспекциянинг Дўстлик туман бўлими катта инспектори Б. Имамов. – Шу кунга қадар, таъмирга жалб этилган чопиқ тракторлари, культиватор, чизел, борона, минерал ўғит сепгич, пуркагич ва ер текислагичлар тўлиқ созланиб, мавсум учун шай ҳолатга келтирилди. Сифатли таъмирдан чиқарилган қишлоқ хўжалиги техникалари эса сертификат асосида қабул қилиб олинди.
Назорат тадбирлари натижасида шу кеча-кундузда баҳорги агротехник ва мавсумий дала ишларида қатнашадиган 326 та чопиқ трактори, 283 та культиватор, 39 та минерал ўғит сепгич, 44 та ер текислагич, 80 та чизел, 43 та юқори унумли чигит экиш сеялкаси, 69 та пуркагич ва 1 119 та тишли бороналарнинг сифатли таъмирдан чиқарилиши таъминланди.
Ўрганишларда аниқланган қонунбузилиши ва унинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда бунга имкон яратиб берган шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида туман ҳокимлигига 1 та тақдимнома киритилиб, 1 та ёзма кўрсатма чиқарилган. Шунингдек, тумандаги пахта тўқимачилик ва ғаллачилик кластерлари ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарларига 62 та огоҳлантириш хатлари юборилган.
Маълумот ўрнида, жорий йил баҳорги дала ишларида вилоят бўйича 12 мингдан зиёд қишлоқ хўжалиги техникалари қатнашиши кўзда тутилган. Шундан 1 минг 410 тас чопиқ тракторлари, 1 минг 318 та культиваторлар, 362 тас чизеллар, 7 минг 594 таси бороналар, 247 таси минерал ўғит сепгичлар, 352 та чигит экиш сеялкалари, 609 тасини пуркагичлар ва 229 тасини ер текислагичлар ташкил этади.
“Ўзагроинспекция” Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати