Ёшлар муаммоларини ўрганиш, бандлигини таъминлаш ва ўзи истаган соҳалар бўйича касбга йўналтириш бугуннинг устувор масалаларидан бири ҳисобланади. Мана шундай долзарб масалаларни ҳал этиш борасида Жиззах вилоятида ҳам “маҳаллабай” ва “фуқоробай” ишлаш тизими орқали амалий тадбирлар олиб борилмоқда. Яъни, биринчи навбатда ёшларнинг танлаган соҳалари бўйича касбга ўқитиш ва шу орқали ишсиз ёшларни иш билан таъминлаш, тадбиркорликка жалб қилиш, ер ажратиб бериш орқали уларнинг реал даромадларини ошириш чоралари кўрилмоқда.
Бунда ёшларни қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл қурилиши техникалари бўйича ўқув марказларида ўқитиш ва курсларни тамомлаган ҳайдовчиларга мазкур техникаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи тракторчи-машинист гувоҳномаларини бериш тадбирларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ушбу ишларнинг амалий ифодаси сифатида вилоятнинг Дўстлик туманида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Дўстлик тумани бўлими томонидан 44 нафар қишлоқ ёшларига тракторчи-машинист гувоҳномалари берилди. Туман прокурори 2-сектор ҳудудига қарашли “Олтин водий” ҚФЙда ташкил этилган тантанали тадбирда сўз олиб, ёшларга қаратилган бугунги эътибор ва ғамхўрлик ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди ҳамда гувоҳномаларни олган ёшларнинг келгуси касбий фаолиятларида омадлар тилади.
-Тадбирда ID пластик карта шаклидаги тракторчи-машинст гувоҳномалари берилди, дейди “Ўзагроинспекция” нинг Дўстлик туман бўлими катта инспектори Б.Имамов.- Янги турдаги тракторчи – машинист гувоҳномалар Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 325-сон қарорига асосан йўлга қўйилган.
Маълумот ўрнида, шу ва ҳудди шундай техник паспорт ва техник гувоҳномаларни Тошкент шаҳрида 2019 йил 1 декабрдан, 2020 йил 1 мартдан эса бутун Республика бўйича бериш бошланган. 2020 йил 31 декабрга қадар эски ҳужжатлар эгасининг аризасига кўра, мажбурий техник кўрикдан ўтказишда, олди-сотди, рўйхатдан ўтказиш ва чиқариш даврида алмаштириш белгиланиб, жорий йил бошидан 2022 йил 31 декабрга қадар эса алмаштириш мажбурий тартибда амалга оширилади.
Эски намунадаги гувоҳномалар 2023 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
“Ўзагроинспекция” нинг Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати